Венгрияда Ўзбекистон элчиси иш бошлади
Кеча мамлакатимизнинг Венгриядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Шахавдинов мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Протокол хизмати раҳбари Анет Варгога ишонч ёрлиғи нусхасини топширди.
Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашишдан манфаатдор эканликларини тасдиқлаб, бўлажак учрашувлар, турли даражадаги тадбирлар жадвали муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Венгриядаги биринчи элчиси Ойбек Шахавдинов 7 март куни ушбу мамлакатга етиб борди. Буюк Британиянинг Бирмингем университети, Тошкент давлат юридик университети ва Москва халқаро муносабатлар давлат институтида таҳсил олган дипломат 2001 йилдан буён тизимда фаолият юритиб келмоқда.
Ҳозиргача вазирлик марказий бошқаруви, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда республикамизнинг Брюсселдаги элчихонасида турли лавозимларда хизмат қилган. Тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси ТИВ Европа мамлакатлари ва ЕИ институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи эди.
Азиза Алимова, ЎзА