Венгрия иттифоқчиларини хафа қилди
Европа Иттифоқига раислик қилаётган Венгрия Бош вазири Украинадаги урушни тўхтатиш мақсадида Киев, Москва ва Пекинда мунозаралар олиб борган эди. Виктор Орбан шу ҳафта НАТО саммитидан кейин “Тинчлик миссияси-5.0” доирасида АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп билан учрашувидан сўнг Трамп урушни тўхтатишга ваъда берганини маълум қилган.
Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто “Reuters” ахборот агентлигига берган интервьюсида Трампнинг иккинчи президентлик даврида тинчлик ўрнатилишига умид билдирган. Унинг қўшимча қилишича, Орбан Россия ва Украина иштирокидаги тинчлик музокараси орқали урушни тугатишга ҳаракат қилади.
НАТО таркибидаги иттифоқчилари Орбаннинг ҳаракатидан норози. Европа Иттифоқи давлатларининг кўплаб етакчилари ҳам Украинадаги уруш бўйича муҳокамаларда Орбан иттифоқ номидан гапиришга ҳақи йўқлигини иддао қилишди.
– Менимча, халқаро ҳуқуқни бузаётган авторитар режим билан суҳбатлашишдан маъно йўқ, – деган Финляндия Президенти Александр Стубб.
– Ҳамма раҳбар ҳам музокара олиб боравермайди. Бунинг учун одамда қандайдир куч бўлиши керак, – деди айни мавзуга тўхталиб Зеленский НАТО саммитидаги матбуот анжуманида.
Орбаннинг тинчликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракати ҳақида сўралганда, Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Украина Киев иштирокисиз тинчлик келишуви бўйича музокара олиб боришга уринишдан хавотирда эканини айтган:
– Украинанинг розилигисиз ёки кўмагисиз амалга оширилаётган ҳар қандай авантюризм бизнинг сиёсатимизга, АҚШ ташқи сиёсатига зид.
Ўтган ҳафта Пекинда Хитой Раиси Си Цзиньпин билан “Тинчлик миссияси-3.0” доирасида учрашган Орбан Хитой Украина ва Россия ўртасида тинчлик ўрнатиш учун калитлигини таъкидлаган.
Венгрия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида мамлакат НАТО “Аксил Хитой” уюшмасига айланишини истамаслиги ва бундай қарашни қўллаб-қувватламаслиги маълум қилинган.