Велоспортчимиз Италия турнирида муваффақиятга эришди
Италиянинг Порденоне шаҳрида велотрек бўйича ўтказилаётган "Serey Internazionale Citta Di Pordenone" халқаро турнирида Ўзбекистон номи эътироф этилди.
Халқаро велоспорт федерациясининг тавқимидан ўрин олган UCI 1.1 таснифидаги мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сергей Ростовцев трек бўйича ўтаётган турнирнинг скретч йўналишида Европа, Америка ҳамда Осиё мамлакатларининг вакилларини ортда қолдирган ҳолда марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди.

Мусобақанинг ушбу дастурида ўз омадини синаб кўрган яна бир велоспортчимиз Никита Цветков 30 нафарга яқин иштирокчи орасида 5-ўринни эгаллади.
Шунингдек, Италия баҳсларида қатнашаётган миллий терма жамоамиз аъзолари Дмитрий Бочаров ҳамда Муҳриддин Сапаров катта мусобақалар тажрибасига эга бўлди.
Халқаро турнир мусобақалари 19 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА