Велоспортчиларимиз муносиб тақдирланди
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси фаолиятига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси фаолиятига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, велосипед спорти федерацияси раҳбари Т.Норбоева, миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари ва бошқалар мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган велоспорт аҳоли ўртасида жадал оммалашаётгани ва бунинг самарасида юксак савияли спортчилар камол топаётганини таъкидлади.
Шунингдек, давлатимиз томонидан велоспортчилар учун кенг имкониятлар яратилаётгани ҳамда улар барча керакли спорт инвентарлари билан таъминланаётганлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда федерациянинг олимпия ўйинларига тайёргарлиги, ҳудудий бўлимларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўсмирлардан иборат бўлган миллий терма жамоанинг Осиё ва жаҳон чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш орқали уларни 2022, 2024 ва 2028 йилги ёзги Олимпия ўйинларига босқичма-босқич тайёрлаш юзасидан ҳисоботлар тингланди.
Шунингдек, миллий терма жамоанинг халқаро мусобақалардаги кўрсаткичлари, қолаверса, жаҳон чемпионати совриндорларининг кейинги мусобақаларга тайёргарлик босқичлари хусусида ишлаб чиқилган дастур муҳокама қилинди.

Ҳозир Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Ольга Забелинская томонидан шоссе йўналиши бўйича келаси йили Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритилган бўлиб, эндиликда трек йўналишида ҳам лицензияга эга чиқиш режалаштирилмоқда.
Йиғилиш доирасида 2019 йил давомида ўтказилган Осиё чемпионатларида ҳамда кубокларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган Муроджон Холмуродов, Бекзод Раҳимбоев, Дилмурод Сиддиқов, Ольга Забелинская, Янина Кускова, Рената Байметова, Диана Адельшинова каби велоспортчиларимиз ва уларни халқаро мусобақаларга тайёрлаган мураббийлар велосипед спорти федерацияси ва миллий олимпия қўмитаси томонидан тақдирланди.
– Жорий йил биз учун жуда муваффақиятли бўлди, – дейди Муроджон Холмуродов. – Асосий мақсадим 2020 йилги Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш ва унда муносиб иштирок этиш. Шунинг учун халқаро турнирларда фаол қатнашмоқдамиз. Хусусан, Ҳиндистонда жорий йил 9-11 сентябрь кунлари велотрек бўйича катталар ва ўсмирлар ўртасида Осиё кубоги мусобақаларида олтин медаль ва муҳим рейтинг очколарини тўплашга муваффақ бўлдим. Бундан ташқари, йил давомида бу каби кўплаб мусобақаларда миллий терма жамоамиз аъзолари яхши натижаларни қайд этди.

Тадбир давомида федерация аъзолари томонидан соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама этилди. Ҳудудларда спортни ривожлантириш бўйича учраётган муаммоларни бартараф қилиш бўйича зарур вазифалар белгиланди.
