Велоспортчилар Бўстонлиқда сараланди
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича эркаклар, аёллар ва ёшлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий В.Искандаров хотирасига бағишланган Республика турнири ўз якунига етди.
Мусобақанинг сўнгги кунида турли ёш тоифаларида критериум пойгасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Жумладан, эркаклар ўртасида 38 км. масофада ўтказилган пойгаларда Никита Светков 41 очко билан ғалаба қозонди.
Дмитрий Бочаров эса 27 очко тўплаган ҳолда иккинчи ўриндан жой олган бўлса, Алимардон Жамолиддинов 22 очко жамғариб, кучли учликни якунлаб берди. Ушбу масофада ёшлар ўртасидаги беллашувларда Кирилл Чжан (Қозоғистон), Озодбек Шокиров (Тошкент вилояти) ва Муҳриддин Сапаров (Жиззах) шоҳсупага кўтарилди.
Аёллар ва ёш қизлар ўртасидаги 31 км. масофада ташкил этилган критериум пойгасида қозоғистонлик велопойгачиларга тенг келадигани топилмади.
Аниқроғи, Муҳаббат Умутжанова аёллар ўртасида 50 очкога эга чиққан ҳолда олтин медални қўлга киритган бўлса, қизлар рақобатида Ангелина Буренкова 46 очко билан мусобақа ғолибига айланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА