Велоклублар фаолияти ўрганилди
Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти спорт федерация ҳамда ассоциацияларининг “Лос-Анжелес - 2028” ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик тақдимоти билан танишмоқда. Навбатдаги тадбирда Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг режалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу спорт Олимпия ўйинларида энг кўп лицензия ва медаллар жамланмаси ўйналадиган йўналишлардан ҳисобланади. Бироқ, сўнгги Олимпиадаларда велоспортчиларимиз кам сонли йўлланмалар билан чекланмоқда ва юқори натижаларга эриша олмаяпти.

Суҳбат давомида ушбу жиҳатлар танқид остига олиниб, келгусида терма жамоамиз йўлланмалар билан чекланиб қолмай, совринли ўринлар учун курашиши лозимлиги билдирилди.
Федерация масъуллари айни шу мақсадда терма жамоаларга уч нафар хорижий мураббий жалб этилгани, улар режа асосида нафақат катталар, балки ёшлар жамоаси билан ҳам ишлаб бориши кўзда тутилганини таъкидлади.

Мутасаддилар ташриф давомида федерациянинг моддий-техник базасини ҳам кўздан кечирди. Ўрганиш ишлари давомида клублар фаолиятини янада кучайтириш, уларнинг нуфузли халқаро мусобақалардаги иштирокини таъминлаш каби мавзуларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА