Вазир ёшларнинг фикр ва таклифларини тинглади
Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов соҳада фаолият юритаётган, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамда илмий изланишлар билан шуғулланаётган бир гуруҳ ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган мулоқот давомида мамлакатимизда тоғ-кон саноати ва геология соҳасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларида сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда инновацион ёндашувларни татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёшларнинг амалий кўникмаларини ошириш, уларни илмий тадқиқотларга кенг жалб қилиш, малакали мутахассислар тайёрлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Вазир ўз сўзида мамлакатимизда инсон капиталига инвестиция киритиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Шу билан бирга, соҳанинг келгуси тараққиёти айнан билимли, замонавий фикрлайдиган ва инновацион ёндашувга эга ёш мутахассислар фаолияти билан чамбарчас боғлиқ эканини қайд этди.
Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтираётган масалалар, таълим сифатини ошириш, ишлаб чиқариш амалиётини такомиллаштириш, илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш ҳамда соҳада меҳнат қилиш учун яратилаётган шарт-шароитлар юзасидан фикр ва таклифларини билдирди. Саволларга атрофлича жавоб қайтарилиб, билдирилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.

Тадбир якунида фаоллиги, ташаббускорлиги ва соҳа ривожига қўшаётган ҳиссаси учун бир гуруҳ ёшларга вазирликнинг эсдалик совғалари топширилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА