“Вазир ва ёшлар”: илҳом, тажриба ва келажакка ишонч
Бугунги кунда ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, уларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Айниқса, турли соҳалар раҳбарларининг ёшлар билан бевосита учрашувлари уларда катта мақсадлар сари интилиш, Ватанга хизмат қилиш ҳиссини янада мустаҳкамлайди.
Ана шундай мазмунли тадбирлардан бири Қоракўл ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Азизбек Икромов иштирок этиб, ёшлар билан самимий ва очиқ мулоқот қилди.

Тадбир аввалида меҳмонлар таълим муассасасида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Замонавий жиҳозланган ўқув хоналари, ўқувчилар учун яратилган қулай муҳит, уларнинг билим олиши ва иқтидорини ривожлантиришга қаратилган имкониятлар алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, интернат музейига ташриф буюрилиб, унинг ташкил топиш тарихи, ривожланиш босқичлари ҳамда ўқувчиларнинг халқаро фан олимпиадаларида қўлга киритган ютуқлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шундан сўнг ўқувчилар билан очиқ мулоқотда Азизбек Икромов ўзининг ҳаёт йўли, хизмат фаолияти ва тўплаган тажрибаси ҳақида самимий фикрлар билдирди. У ёшларни Ватанга садоқат, фидойилик, интизом ва доимий изланишда бўлишга чақириб, ҳар бир имкониятдан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Учрашув давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳадаги замонавий ёндашувлар, шунингдек, ёш кадрлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида муҳим маълумотлар тақдим этилди. Бу эса ўқувчиларда мазкур соҳага бўлган қизиқишни янада оширди.

Бундай учрашувлар ёшлар учун катта ҳаётий сабоқ ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Улар нафақат билим ва тажриба алмашиш, балки ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни юксак мақсадлар сари руҳлантиришда муҳим ўрин тутади. Шубҳасиз, ана шундай мулоқотлар орқали келажакда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган билимли, ватанпарвар ва ташаббускор ёшлар сафини янада кенгайтириш мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.