Вазир ўринбосари боғчалар фаолиятини ўрганди
Республика Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари, Мактабгача таълим агентлиги директори Агриппина Шин Бухоро вилояти Олот туманидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ўрганди. Болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Тарбиячи ва масъулларга болажонларнинг тўғри овқатланиши, уларнинг хавфсиз қатнашини ташкил этиш, сабоқлар ва машғулотларга эътибор қаратиш, ёш авлодни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, жисмонан ҳамда руҳан чиниқтириш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Олот туманида 79 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Шундан 29 таси давлат мактабгача таълим ташкилоти мақомига эга. Иккита давлат хусусий-шерикчилиги ҳамда 48 та оилавий мактабгача таълим ташкилотларида ҳам юзлаб болажонлар тарбияланмоқда. Бугунга келиб туманда 3-7 ёшли болаларнинг 5 минг 550 нафари ёки 70 фоизи боғчаларга қамраб олинган.


Зариф Комилов, ЎзА мухбири.