Вазир: муносиб маош коррупциянинг олдини олади
Аввал хабар берилганидек, параламент қуйи палатасининг навбатдаги “Ҳукумат соати”да жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан депутатларнинг саволларига спорт вазири Адҳам Икромов жавоб берди.
Муҳокамаларда депутат С.Азимов соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилаётани билан қизиқди. Бунга жавобан вазир қуйидагиларни қайд этди:
— Коррупцияга қарши энг яхши қурол рақамлаштиришдир. Бу борада соҳа ташкилотларида тизимли ишлар қилинди. Жумладан, вазирлик ҳузурида “Рақамлаштириш ва сертификатлаш маркази” фаолияти йўлга қўйилиб, сўнгги уч йилда 24 та йўналишдаги ахборот тизимларини ўзида бирлаштирган “ERP-Спорт” ягона электрон платформаси ишга туширилган.

Спорт паспортларини беришда ҳам ягона дарча орқали, инсон омилисиз бериш йўлга қўйилди.
Соҳада муносиб ойлик бўлиши керак. Бу борада ҳам муайян ишлар қилиняпти. Яхши тренерларимиз 4,5 миллиондан 10-11 миллионгача ойлик олишади. Қишлоқ, туман шароитида бу яхши натижа. Муносиб маош, муносиб рағбатлантириш коррупциянинг олдини олади, албатта. 21 та вазирлик орасида Спорт вазирлиги коррупцияга қарши курашиш бўйича рейтингда 4-ўринда туради. Вазирлигимиз коррупциядан холи ташкилотлар орасида энг яхши кўрсаткичлар билан кўтарилмоқда, — деди вазир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА