“Вазир кубоги”: вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди
Андижонда умумтаълим мактабларининг педагог ва ходимларидан тузилган жамоалар ўртасида волейбол бўйича “Вазир кубоги” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Юртдошларимизни оммавий спорт турларига жалб этиш, мунтазам спорт билан шуғулланишларини йўлга қўйиш, шу орқали халқимиз саломатлигини яхшилаш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Вазир кубоги” волейбол мусобақаси Андижон вилоят босқичининг очилишига бағишланган тадбирда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Гулҳаё Омонова ва бошқалар мусобақанинг аҳамияти, педагог ва ходимларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишдаги ўрни ва роли ҳақида сўз юритди, иштирокчиларга омад тилади.

– “Вазир кубоги” мусобақасининг туман, шаҳар босқичлари юқори савияда ўтказилди, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шўъба бошлиғи Элдорбек Мадаминов. – Қуйи босқич мусобақаларида вилоятдаги 952 та мактаб жамоаси таркибида 7 минг 600 нафардан зиёд педагог ва ходимлар фаол иштирок этди.
Булоқбоши туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган мусобақада туман, шаҳар босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 16 жамоа иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Қизиқарли баҳсларда ўтган ўйинларнинг якуний натижаларга кўра, Балиқчи туманидаги 18-умумтаълим мактаби жамоаси 1-ўринга сазовор бўлиб, мусобақанинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Мусобақада 2-ўрин Андижон шаҳрининг 18-умумтаълим мактаби, 3-ўрин эса Асака туманидаги 22-умумтаълим мактаби жамоаларига насиб этди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндор жамоалари кубок, тегишли медаллар, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),ЎзА мухбирлари.