Вазир, ҳоким ва ёшлар учрашуви
Ёшлар куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида “Вазир, ҳоким ва ёшлар”лойиҳаси доирасида учрашув ташкил қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Б.Матмуратов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Л.Сейтова, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси С.Турманов, туман ҳокими О.Уснатдинов, туман фаол ёшлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда мустақиллигимиз шарофати билан мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, барча соҳаларда олиб борилган ўзгариш ва янгиланишлар, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қатор самарали ишлар, ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини алоҳида эътироф этди.

Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, сиёсий жараёнларда уларнинг фаоллигини оширишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кейинги йилларда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилганлиги, ёшлар фаолиятига доир муҳим қарор ва фармонлар, қонунлар қабул қилинаётгани ва унда ёшларнинг ҳам таклифлари ўрин олаётганлиги ёшларга қаратилаётган юксак эътиборнинг намунаси эканлиги қайд этилди. Учрашув давомида байрам муносабати билан фаол ёшларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ўзларининг тадбиркорлигини бошлаши учун тикув машиналари ва микротўлқинли печкалар топширилди.

Туман марказидаги Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўйингоҳида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ёшлар фестивали ҳамда гала концерти бўлиб ўтди. Тадбирда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга совғалар топширилиб, сектор раҳбарларининг кубоги учун ўтказилган спорт мусобақалари ғолиблари тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА