Вазир: “Ҳар бир мурожаат эътибор марказида”
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ташриф буюриб, янги ўқув йили учун қабул штаби фаолияти ҳамда 2026-2027 ўқув йилида Агентлик тизимидаги мактабларга ўқувчилар ҳужжатларини қабул қилиш ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида Агентлик директори Севара Шокирова вазирга қабул жараёнлари, имтиҳонларни ташкил этиш механизмлари ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, вазир “Мурожаатлар маркази (Call-марказ)” фаолиятини алоҳида эътибор билан ўрганди. Марказга аҳолидан келиб тушаётган асосий мурожаатлар, ҳужжатлар қабули бўйича аризалар таҳлили ҳамда фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар юзасидан тақдимот қилинди.
Эъзоза Каримова томонидан аҳолидан келиб тушган савол ва таклифларни жойларда тезкор ҳал этиш, мурожаатлар билан самарали ишлаш ҳамда қабул жараёнларини янада соддалаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Қайд этилишича, ташрифнинг асосий мақсади — фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, қабул жараёнларида қулайлик яратиш ва таълим сифатини янада юксалтиришдан иборат.

– Ҳар бир мурожаат — эътибор марказида, – дейди вазир. – Фуқароларимизнинг қабул жараёнлари билан боғлиқ барча саволларига тезкор ва сифатли жавоб бериш — бизнинг устувор вазифамиз.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА