Вазир чигит экиш жараёнлари билан танишди
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар жараёни, соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш ва ўрганиш мақсадида Андижон вилоятида бўлди.
Вазир дастлаб Бўстон туманидаги “Шермуҳаммад Абдуллаев” фермер хўжалигида бўлиб, хўжалик далаларида чигит экиш жараёнлари, бу борадаги ишларнинг бориши билан танишди.

Айни кунда мазкур фермер хўжалигида 34 гектар майдонда чигит экиш ишлари олиб борилмоқда. Эътиборлиси, ер майдонининг деярли ярмида илғор агротехнология – рангли плёнка остига чигит экиш тажрибаси жорий этилмоқда. Янги технология асосида экиш ишлари белгиланган агротехник талаблар асосида олиб борилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, рангли плёнка остига чигит экилганида, тупроқдаги намлик узоқроқ сақланади, шу билан бирга, кўчат ривожланиши тезлашади, ҳосилдорликнинг ортиши ва маҳсулот сифатининг яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади. Хусусан, қизил ва яшил плёнка остида етиштирилган пахтада тола узунлиги 5 миллиметргача ортиши, кўсаклар сонининг кўпайиши ва умумий ҳосилдорлик сезиларли даражада кўтарилиши кузатилади.
Шунингдек, вазир тумандаги қатор деҳқон ва фермер хўжаликларида бўлиб, олиб борилаётган ишлар, экинлар парвариши, сувдан оқилона фойдаланиш ҳамда замонавий агротехнологияларни амалиётга жорий этилиши борасидаги ишларни ҳам кўздан кечирди.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари, мутахассислар, фермер хўжаликлари раҳбарлари билан мулоқотда плёнка остига чигит экишнинг афзалликлари, агротехник тадбирларни пухта ва ўз вақтида ўтказиш, пахтани эрта етиштириш, ҳосилдорликни, умуман, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш хусусида сўз юритилди.
Ўрганиш давомида вазир Андижон шаҳридаги чигит экишда фойдаланиладиган полиэтилен плёнка ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Водий олтин плац” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.

Талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, жорий йилда ўз фаолиятини бошлаган мазкур корхонада қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сифатли полиэтилен плёнкалар ишлаб чиқарилмоқда. Корхона кунига 10-15 тоннагача маҳсулот тайёрлаш қувватига эга.
Айни пайтда Хитой давлатидан келтирилган замонавий технологиялардан фойдаланилган ҳолда 10 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган ушбу корхонада асосан, 0,12–0,15 микрон қалинликдаги полиэтилен плёнкалар ишлаб чиқарилмоқда.

Вазир корхона фаолиятига юқори баҳо бериб, чигит экиш жараёнида фермер хўжаликларга ўз вақтида сифатли полиэтилен плёнкалар етказиб бериш муҳимлигини таъкидлаб, ишларни янада самарали ташкил этиш бўйича ўзининг таклифларини берди.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА.