Вазир Бухоро далаларидаги ҳолатни ўрганди
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида соҳадаги ишлар кўлами билан танишди. Жумладан, “Ойбек” фермер хўжалигидаги пахта майдонларида олиб борилаётган агротехник ишларнинг натижадорлиги юзасидан ўз тавсияларини берди.
Мазкур хўжалик 88,3 гектар ер майдонига эга бўлиб, шундан 40 гектарига пахтанинг истиқболли “Порлоқ-7” маҳаллий нави экилган.
Бу далани оддий ер эмас, балки илмий ёндашув асосида ташкил этилган агроэксперимент майдони деб аташ мумкин. Мақсад келажакда юқори ҳосилдорликка эришиш йўлида илғор тажриба ва услубларни синовдан ўтказишдир.

Даладаги ҳар бир тупга меҳр билан қаралган. Ғўзаларда ўртача 13–14 тадан кўсак шаклланган бўлиб, 7–8 тагача ҳосил элементлари мавжуд. Бу кўрсаткичлар ҳар бир кўчатда фидокорона меҳнат, билим ва келажакка бўлган ишонч мужассам эканидан далолат беради.
Иброҳим Абдураҳмонов агротехник тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилганини алоҳида эътироф этди. У бу каби илғор тажрибаларни бошқа ҳудудларга ҳам кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, “Порлоқ-7” навини келгуси йилларда кенгроқ экиш, кўчатлар сонини кўпайтириш орқали ҳосилдорликни бир неча бараварга ошириш мумкинлигини билдирди.

Вазир Пешку ва Вобкент туманларида жойлашган пахта экин майдонлари билан ҳам яқиндан танишди. Дастлаб Пешку туманидаги фермер хўжаликларининг экин майдонлари кўздан кечирилди. Мазкур ҳудудларда пахтанинг вегетация давридаги ҳолати, агротехник тадбирларнинг бажарилиши, суғориш режаси ва бегона ўтларга қарши кураш ишлари ўрганилди.

Вазир дала майдонларини кўздан кечирар экан, пахта парваришида барча агротехник тадбирларни белгиланган жадвал асосида ва сифатли бажариш муҳимлигини таъкидлади. Жумладан, бегона ўтларни мунтазам назоратга олиш, суғориш ва озиқлантиришни илмий асосда ташкил этиш юзасидан амалий тавсиялар берди.

Шунингдек, Вобкент туманидаги пахта майдонлари ҳолати ҳам кўздан кечирилди. Хусусан, сув тежовчи технологиялар жорий этилган ҳудудлардаги ижобий тажриба алоҳида қайд этилди. Томчилатиб суғориш тизимларининг самарадорлиги, дала четлари ва ариқлардаги тозалик, ер ости сувларининг даражаси ва агрофон ҳолати атрофлича ўрганилди.
Вазир ўз навбатида, ҳар бир гектардан юқори ҳосил олиш учун ҳар бир кун ҳисобли экани, пахтани “тирик организм” деб билсак, уни парваришлаш ҳам узлуксиз, изчил ва пухта бўлиши кераклиги ҳамда барча агротехник тадбирлар ўз вақтида, сифатли ва комплекс тарзда бажарилиши лозимлигини қайд этди.
Шунингдек, вазир жойлардаги мутасаддиларга сув таъминотини аниқлаштириш, агрохизматларни сифатли ташкил этиш, зараркунандаларга қарши кимёвий ишловларда мутахассис маслаҳатларига таяниш, ҳамда замонавий технологиялар ёрдамида далаларни мониторинг қилишни йўлга қўйиш бўйича аниқ тавсиялар берди.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов Олот туманидаги “Мерган текс” кластери тасарруфидаги трикотаж ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.