Ватанпарварлик тарихни билишдан бошланади
Фарғонада Шарқий ҳарбий округ тасарруфида ташкил этилган янги тарих ўқув биноси очилди. Тантанали тадбирда вилоят секторлари раҳбарлари, фахрийлар, офицерлар, сержантлар, ҳарбий хизматчилар, ёшлар иштирок этди.
Бугунги кунда миллий армиямиз – мустақиллигимизнинг, тинч ҳамда фаровон ҳаётимизнинг ишончли қалқони сифатида шаклланди. Ҳарбий хизматчилар учун барча шароитлар яратилмоқда. Армия ва халқ бирлигини таъминлашга қаратилган мутлақо янги тузилма – ҳарбий-маъмурий секторлар барча ҳудудларда самарали фаолият юритаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Ана шундай ислоҳотлар туфайли “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради.
Президентимиз таъкидлаганидек, ҳарбий-жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур. Шонли тарихимиз, буюк аждодларимиз, енгилмас саркардаларимиз жасорати, уларнинг “Билаги зўр – бирни енгар, онги ва юраги зўр эса – мингни” деган доно ўгитлари бизга айнан мана шундай ҳаётий ҳақиқатни уқтиради. Бугунги кунда ҳарбий таълим ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида, миллий ўзлигимиз, эзгу қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, тарихимизни ўргатиш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Мазкур маскан ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир.
[gallery-14257]
Очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида катта ўринга эга бўлган ҳарбий округда ташкил этилган ушбу маскан нафақат ҳарбий хизматчилар, балки бутун фарғоналик ёшларнинг маънавий масканига айланишига тилак билдирди. Ёшлар, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари ватанимиз тарихи билан танишиш имконига эга бўлиши мамнуният билан қайд этилди.
Фахрийлар иштирокида рамзий лента кесилиб, ватанимизнинг бой тарихини ўзида мужассам этган тарих ўқув биноси билан яқиндан танишилди. Мазкур тарих ўқув биноси юртимизнинг қадимий давлатчилик тарихи, халқимизнинг этник ривожланиш босқичлари, буюк аждодларимиз ҳамда улар яратган шонли тарих, шунингдек, саботли халқимиз бошидан ўтказган тарихимизнинг аччиқ саҳифалари ҳақида сўзлайди. Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур хоналарида эса уларнинг ҳарбий жанг санъати, тарихий мероси, армиясининг жанговар қудрати кабилар акс эттирилган. Бу ердаги кўргазмаларда қатағон сиёсати, “Пахта иши” каби халқимиз бошидан ўтказган оғир кунлар фактлар билан ёритилган.
Бир сўз билан айтганда, ватанимиз ва халқимиз босиб ўтган улкан тарих жонкуяр мутахассислар, тарихчи олимлар, амалий санъат усталари, ҳарбийлар томонидан маҳорат билан очиб берилган.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров олган суратлар, ЎзА