Ватанпарвар ёшлар форуми ўтказилди
Сирдарё вилоятида ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва юрт тақдири учун масъулият руҳида тарбиялашга қаратилган “Ватан таянчи” ҳаракати аъзоларининг ҳарбий-ватанпарварлик форуми бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармасида ташкил этилган тадбирда Мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ҳамда “Ватан таянчи” ҳаракати аъзолари иштирок этишди.

Форумда ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик руҳини янада юксалтириш, уларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, Ватан ҳимоячиларига муносиб издошларни тарбиялаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш ҳамда ҳарбий хизматга қизиқишни ошириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Форум якунида “Ватан таянчи” отрядининг фаол ва намунали аъзолари муносиб рағбатлантирилди. Шунингдек, уларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёз берувчи тавсияномалар тантанали равишда топширилди.


— Ушбу форум менда жуда катта таассурот қолдирди. Тадбир давомида ҳарбий хизматнинг нақадар шарафли ва масъулиятли вазифа экани, Ватан тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашда ёшларнинг ўрни беқиёслиги ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Айниқса, соҳа мутахассислари билан бўлган мулоқотлар келгусида ўз олдимизга аниқ мақсадлар қўйишимизга туртки берди. Бундай учрашувлар ёшларда ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлаб, Ватан олдидаги бурчини чуқурроқ англашга ёрдам беради. Мен ҳам юртимиз равнақи ва тинчлиги йўлида муносиб хизмат қилишга, билим ва салоҳиятимни доимий ошириб боришга интиламан, — дейди “Ватан таянчи” ҳаракати аъзоси, гулистонлик Фахриддин Назаров.


Бир сўз билан айтганда, Сирдарёда ўтказилган мазкур ҳарбий-ватанпарварлик форуми ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва юрт тақдири учун масъулият туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Форум нафақат билим ва тажриба алмашиш, балки келажакда мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган ватанпарвар ёшларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА