Ватаннинг осуда ва ободлиги оиладан бошланади
Зеро, тинч, обод юртимиздаги ҳар бир хонадонда ҳаётимизнинг давомийлигини таъминловчи ишончли авлод шаклланмоқда.
Мудофаа вазирлигининг Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи томонидан “Урф-одат ва қадриятларимизни ёшлар онгига сингдиришда оиланинг ўрни” мавзуига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этган тадбирда оиланинг муқаддас даргоҳ экани алоҳида таъкидланиб, миллатнинг эртанги кунига ана шу қўрғонда илк пойдевор қўйилиши қайд этилди. Зеро, тинч, обод юртимиздаги ҳар бир хонадонда ҳаётимизнинг давомийлигини таъминловчи ишончли авлод шаклланмоқда.
Бу қўрғонда миллий маданият, урф-одат ва ахлоқ, маънавий қадриятларимиз асраб-авайланиши жамият тараққиётининг иқтисодий-ижтимоий ва маданий юксалишида муҳим ўрин тутади. Ватаннинг осуда ва ободлиги ҳам оиладан бошланади.
–Албатта, бу жараёнда тинчлигимиз посбонлари бўлган ҳарбийларимизнинг оила аъзолари барчага ибрат бўлиши керак, – дейди Сурхондарё вилояти “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши раиси, меҳнат фахрийси Робия Тўлакова. – Болажон халқимиз “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмайди.
Агар кўча-куй ёки жамоатчилик жойида тарбиясиз хулқи билан кўпчилик эътиборига тушаётган фарзандларни кўрсак, дарҳол пурҳикмат шу сўз ёдимизга келади. Бу бола уйида яхши тарбия кўрмаган экан, деган фикрга борамиз. Шунинг учун ҳозирги глабаллашув даврида фарзандлар тарбиясига эътиборни кучайтириш, улар онгу-шуурига болаликдан ноёб миллий қадриятларимизни сингдириш ота-онанинг муҳим бурчларидан бири бўлиб қолди.
Қизиқарли маърузаларга бой бўлган тадбирда оилада ота-онанинг ўрни, оилавий ажримларнинг сабаблари ва олдини олиш, янги Ўзбекистонни барпо этишда миллий урф-одат ва қадриятларимизнинг аҳамияти каби мавзуларда ҳам ўзаро фикр алмашилди. Олимлар, диний идора вакиллари, вилоят “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.


Х.МАМАТРАЙИМОВ, Ж.ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА