Ватанни шунчаки севиб бўлмайди...
9 май – Хотира ва қадрлаш куни Ўзбекистон «Миллий Тикланиш» демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини эъзозлаш, улар ҳолидан хабар олиш мақсадида «Хотира азиз – қадр муқаддас» мавзусида жойларда Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари хонадонларида бўлди.
Партиянинг вилоят Кенгаши раиси Маҳсуд Муҳаммедов бошчилигида партиядан сайланган туман Кенгаши депутатлари ҳамда партия фаоллари Ватани учун кўксини қалқон қилган ва бугун сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтириш, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан бири Вобкент туманида истиқомат қилувчи Ҳомид ота Турсунов хонадонида бўлиб, отахоннинг ҳолидан хабар олди.

Ҳомид ота Турсунов дориломон кунлар қадрини бошқалардан кўра яхши англайди.
– Ёдимда, 18 ёшимда Ватан ҳимояси учун 1943 йил 8 февраль куни 8 синфни тугатиб, кўнгиллилар қатори Совет Армиясига кетганман, – дейди Ҳомид ота Турсунов. – Вилоят Ҳарбий қисмидан Туркманистон Республикасининг Чоржўй шаҳрида 3 ой, Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида 1 ой махсус тайёргарликдан сўнг, 1944 йил июнь ойида Корелия фронтига жўнатилдим. Ҳарбий ҳаво десантчилари қўшинлари сафида душманга қарши курашиб, 1944 йил сентябрь ойида Белорус, Венгрия, Чехословакия давлатлари ҳудудларида бўлган урушларда қатнашиб, бир неча қишлоқ ва шаҳарларни озод этишда иштирок этдим. 1949 йил Она қишлоғимга қайтиб келдим.

Шу йили Совет армиясидан бўшагандан кейин 1951 йил ўз меҳнат фаолиятимни халқ хўжалигининг турли соҳаларида давом эттирдим. 1985 йилда қарилик нафақасига ҳам чиқдим. Ўқчилар гвардия полки командирининг 1944 йил 10 августдаги буйруғи билан «Жасорат» медали билан тақдирландим. Бундан ташқари қатор жанговар орден ва медалларга сазовор бўлдим. Аммо бунинг учун албатта уруш бўлиши, болалар, аёллар, бегуноҳ инсонлар жабр кўрмаслиги керак эди. Бу ҳаёт эканда, ҳар доим истаганимиздек бўлавермайди.
Отахон баркамол, меҳнатсевар фарзандларни тарбиялаб вояга етказди. Бугун шукрона айтиб, истиқлол неъматларидан баҳраманд бўлиб яшамоқда. Ҳар бир сўзи, дуосида фарзандларига она юртга муносиб ворис бўлиши кераклигини айтади. «Ватанни шунчаки севиб бўлмайди, ватанпарвар бўлинг, садоқат билан юртга хизмат қилинг», дейди нуроний отахон.
Зариф Комилов, ЎзА