Ватанни ҳимоя қилиш – муқаддас бурч
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. Уни ҳимоя қилиш эса ҳар бир йигит-қизнинг бурчидир.
Юртимизда эса ҳар йили 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил топган кун сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан “Миллий армиямиз Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” шиори остида турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ва мусобақалар ташкил этилади. Шундай мусобақалардан бири Навоий вилояти Зафаробод қўрғонида ташкил этилди.

“Навоийуран” давлат корхонаси Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди томонидан ўтказилган беллашувда 6 нафардан аъзоси бўлган 4 та – “Навоий”, “Зафаробод”, “Учқудуқ” ва “Нуробод” майдони қўриқлаш отряди жамоалари ўзаро куч синашди.

Мусобақани ўтказишдан мақсад, отряд ишчи-ходимларининг жисмоний ва руҳий тайёргарликларини янада мустаҳкамлаш, уларни спорт билан мунтазам шуғулланишга қизиқтириш ва оммавий спортга жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, отряд терма жамоасига кучли спортчиларни саралаб олишдан иборат.

Иштирокчилар турникда тортилиш, 100 метрга тўсиқлар оша югуриш, автомобиль шинасини маълум масофагача юмалатиш, тош кўтариш, армрестлинг ва арқон тортиш каби шартларни бажарди.
Мусобақа якунида “Зафаробод” жамоаси 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, “Энг илғор команда бошлиғи”, “Энг илғор гуруҳ бошлиғи”, “Энг илғор ўқчи”, “Энг илғор назоратчи”, “Энг илғор команда”, “Энг намунали пост” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА