Ватанимга содиқ фарзанд бўламан
9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчи ва курсантлари иштирокида кенг миқёсли ватанпарварлик тадбирлари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактабида ҳам ташкил этилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Зангиота туман бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясининг гуманитар фанлар кафедраси катта ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди, майор Ёрқиной Рўзимова, кафедра докторанти, подполковник Собир Камолов ҳамда академиянинг тарбиявий-мафкуравий ишлар катта офицери, капитан Бобурмирзо Солиев иштирок этди.
“Ватанимга содиқ фарзанд бўламан!” мавзусидаги тадбир ёшликдан қатъият билан ўқиш, изланиш ва танлаган касби бўйича етук мутахассис сифатида оиласи, ота-онаси ҳамда Ватанига содиқ фарзанд бўлиб хизмат қилиш туйғуларини уйғотгани, шубҳасиз.
Ҳарбийлар томонидан фаол ёшларга китоблар совға қилинди.
Б.Ҳасанов,
Зангиота туманидаги 23-мактабнинг
ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.