Ватанга садоқат намунаси
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги байрами Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг нишонланди.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги байрами Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг нишонланди.
Шу муносабат билан Нукус шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Прокуратура, Давлат божхона ва солиқ қўмиталарининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари, кенг жамоатчилик, Қуролли Кучлар фахрийлари ва ёшлар иштирок этди.
Қуролли Кучларнинг куч тузилмалари тантанали саф билан ўтди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳудудий ҳарбий маъмурий сектор раҳбари М.Ерниязов Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Байрам арафасида мамлакатимизнинг мудофаа қудрати ва ҳарбий-техник салоҳиятини юксалтириш, давлат хавфсизлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, профессионал миллий армияни шакллантириш, ҳарбий хизмат нуфузини оширишдаги катта хизматлари, жамоат тартибини сақлаш, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги самарали меҳнати, хизмат бурчини бажаришда мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, юқори малака ва маҳоратга эга кадрларни тайёрлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи давлатимиз раҳбарининг фармони, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раёсати қарори билан унвонлар, орден ва медаллар, кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Тадбирда ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Мукофотланганлар номидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бошқарма бошлиғи, «Жасорат» медали соҳиби М.Юсупов, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси оператив бошқарув маркази бошлиғи, «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби Ш.Қадиров ва бошқалар юксак эътибор, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.
Тантанали маросим санъат усталарининг байрам концерти билан якунланди.