Ватанга қасамёд
Шимоли-ғарбий ҳарбий округида Ватанга қасамёд қилиш маросими тантанали равишда ўтказилди. Тадбирда ҳарбий округ қўмондонлиги, ҳудуддаги куч тузилмаларнинг раҳбарияти, жамоатчилик кенгаши аъзолари, фахрийлар, аскарларнинг ота-оналар иштирок этди.
Қасамёд қабул қилиш жараёнида ҳар бир аскар муқаддас байроқ қаршисида Ватанга содиқ бўлиш, тартиб-интизомга сўзсиз амал қилиш, халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга сўз берди. Бу лаҳзалар аскарлар ва уларнинг яқинлари учун бу унутилмас воқеага айланди. Кўплаб ота-оналар фарзандларининг ҳарбий либосда, қатъият ва ишонч билан қасамёд қилаётганини кўриб, уларда ғурур ҳисси янада юксалди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиш катта шараф ва масъулиятдир. Ҳар бир аскар юрт тинчлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш йўлида ўз ҳиссасини қўшиши зарур.
Шунингдек, фахрий ҳарбийлар ҳам сўзга чиқиб, ўз хизмат йиллари давомида орттирган тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Улар ёш авлодни мардлик, жасорат ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Тадбирнинг бадиий қисмида ҳарбий оркестр ва таниқли хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар байрамона кайфият бахш этди. Аскарлар томонидан қўл жанги чиқишлари ҳамда фахрий қоровулнинг кўргазмали намойиши ота оналар учун унутилмас онларни тақдим этди.
[gallery-29008]
Шунингдек, ҳарбий техника кўргазмаси ташкил қилиниб, меҳмонлар учун очиқ эшиклар куни ўтказилди. Бу эса ота-оналар ва ташриф буюрувчиларга ҳарбий ҳаёт, шароитлар ва хизмат жараёни билан яқиндан танишиш имконини берди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.