Ватанга қасамёд
Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб Ватанга қасамёд тадбирлари ўзгача кўтаринки руҳ ва юксак ватанпарварлик кайфиятида бўлиб ўтмоқда.
Мамлакатимиз сарҳадларини қўриқлашдек шарафли ва масъулиятли вазифани ўз зиммасига олаётган ёш посбонлар учун бу кун умрбод хотирада қоладиган тарихий лаҳзага айланди. Байрамона ҳарбий либосларда, қадларини тик тутиб саф тортган чегара ҳимоячилари юрт тинчлиги, мусаффо осмон ва осойишта чегараларимиз кафолати бўлишга тантанали равишда қасамёд қилмоқдалар. Ҳар бир ўғлоннинг овозида йигитлик ғурури, қалбида эса она юртга бўлган чексиз садоқат туйғуси намоён.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда бўлиб ўтган тадбирда таъкидланганидек, Ватанга қасамёд бу шунчаки сўзлар йиғиндиси эмас, балки йигитлик шаъни ва номусини ўртага қўйиб бериладиган муқаддас ваъдадир.Ушбу шодиёна нафақат аскарлар, балки уларнинг ота-оналари ва яқинлари учун ҳам ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Ўз фарзандининг камолини кўриш, унинг шаҳдам қадамлар билан мағрур юришига гувоҳ бўлиш ҳар бир ота-она учун чексиз бахт.
Ота-оналарнинг юзидаги қувонч Жиззах, Наманган, Навоий, Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятларидан янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг руҳини янада кўтарди. Яқинларининг қўллаб-қувватлаши ёш чегарачилар қалбида Ватанга хизмат қилиш ҳиссини янада мустаҳкамлади.
[gallery-28847]
Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни бажаришга киришаётган бу паҳлавон ўғлонлар ўз зиммаларидаги масъулиятни шараф билан адо этишларига ишонч билдирилди. Зеро, чегараларимиз мард ва жасур ўғлонлар қўлида экан, юртимиз тинчлиги барқарор бўлиб қолаверади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.