“Ватанга қасамёд” – ҳар бир йигитнинг бурчи
Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Академиясида 2025 йилда ўқишга қабул қилинган ёш курсантларнинг “Ватанга қасамёд” қабул қилиш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарияти, фахрийлар, битирувчиларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб ёш курсантлар томонидан мустақиллик йилларида хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари шарафига ўрнатилган мемориал ёдгорлик пойига гулчамбар қўйилди. Ёдгорлик олдидан тантанали саф тортиб ўтган йигитларнинг қалбида Она ватанга садоқат, эртанги кунга ишонч жўш урди.

Сўнгги йилларда олиб борилган туб ислоҳотлар натижасида Ватанимизни турли хавф-хатарлардан мустаҳкам ҳимоя қиладиган, ички ва ташқи таҳдидларга қарши самарали тарзда курашишга қодир махсус хизматининг мукаммал шакли вужудга келди, давлат хавфсизлигини таъминлаш тизими янги босқичга кўтарилди.
Таъкидлаш лозимки, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини қўллаб-қувватловчи, ўз халқи ва Президентига содиқ, миллат шаъни ва ор-номуси учун курашувчи, давлат манфаатларини муносиб ҳимоя қилишга қодир, ҳар томонлама етук ва ватанпарвар офицер кадрларни тайёрлашда Амир Темур номидаги Давлат хавфсизлик хизмати Академиясининг алоҳида ўрни бор.

Академияда курсант ва тингловчиларда касбий билимларни, кўникма ва маҳоратни шакллантириш, ҳарбий билимларни эгаллашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса назарий билимлар амалиёт билан уйғун равишда олиб бориладиган ўқитишнинг дуал таълим тизими йўлга қўйилган.
Бир сўз билан айтганда, курсантларда ватанпарварлик, ўз халқига астойдил хизмат қилиш туйғулари тарбияланади, касбни тўғри танлаганига ишонч шаклланади, хизмат бурчига садоқат сингдирилади.
Тадбир якунида таниқли санъаткорларнинг ватанни мадҳ этувчи куй – қўшиқлари ва чиқишлари байрам шукуҳига янада завқ улашиб, барча иштирокчилар ва таклиф этилган меҳмонларда илиқ таассуротлар қолдирди.
Камола ЮСУПОВА,
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА