Ватанга қасамёд – энг улуғ шараф
Фоторепортаж
Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига жорий мавсумда қабул қилинган биринчи босқич курсантларининг Ватанга қасамёд маросимлари ўтказилди. Хусусан, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти курсантлари ҳам қасамёд қабул қилди.
Унда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, курсантларнинг оила аъзолари иштирок этди.
– Унутилмас кун ҳаяжони ўзгача бўлмоқда, – дейди курсант Ғулом Қодиров. – Орзиқиб кутганим амалга ошди. Сафдош дўстларим, командирларимиз, ота-оналар қаршисида Ватанга қасамёд қабул қилар эканман, ҳаёлимда бутун Ўзбекистон халқи бўлди. Зиммамга катта масъулиятни олганимни ва билдирилаётган катта ишончни ҳис қилдим.
Шунингдек, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ташкил этилган тантанали маросим курсантлар учун ҳаяжонли таассуротларга бой бўлди. Байрамона тус олган тадбирда курсантларнинг яқинлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда фахрийлар тадбирнинг азиз меҳмони бўлди.
Тадбирда ҳарбий оркестр ва хушовоз хонандалар ижросида мардлик, ватанпарварлик ҳамда она юртни улуғловчи куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

