Ватан қудратидан қалбда ғурур бор
Кичик сержант Маъмиржон Убайдуллаевнинг Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётганига ҳам йигирма йилдан ошди.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Кичик сержант Маъмиржон Убайдуллаевнинг Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётганига ҳам йигирма йилдан ошди. Бу шунчаки йиллар эмас, оғир синовларда тобланган, мард ва жасур, садоқатли инсоннинг шарафли ҳаёт йўлидир.
Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг каттаю кичикда туғилиб ўсган гўшани севиш, ардоқлаш ҳисси янада кучайди. Кўз илғамас сарҳадларга ястанган жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигини ҳимоя қилиш, унинг ҳудудий яхлитлиги ва халқимизнинг осуда ҳаётини таъминлаш шу азиз юртда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг қалб амрига айланди.
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган Маъмиржон болалигидан адабиётга, санъатга меҳр қўйди. Беш фарзанднинг тўнғичи бўлгани учун ҳам ука-сингилларига акалик масъулиятини ҳис этар, уларни ҳар тарафлама ҳимоя қилар эди.
Маъмиржон тумандаги 29-мактабда аъло баҳоларга ўқиди. Ўқувчилик пайтлари ҳам мактабда ўтадиган маънавий-маърифий тадбирларда ўз ижод намуналари билан иштирок этар, давраларда сухандонлик қиларди. Унинг бу иқтидори бора-бора ривожланди, мазмунли шеърлар, ҳикоялар ёза бошлади. Бундан ташқари, Маъмиржон спортнинг қўл жанги билан ҳам шуғулланиб, кўплаб мусобақаларда ғолиб бўлди. У ҳарбий қисмдаги аскарларнинг саф тортиб кўчалардан ўтишига ҳавас қиларди. Бу орада Самарқанд вилоятига ҳарбий хизматга чақирилди. Ҳарбий хизмат давомида тобланди, оила, ота-она, яқинлар меҳрини, соғинчини ҳис этди.
2000 йил. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманига бостириб кирган бир гуруҳ жангариларга қарши жанг бўлди. Бу пайтда Маъмиржон ўз хизматдошлари билан Самарқанд вилоятининг чегараларида тозалов жанговар вазифаларни бажарди. Халқимиз бошига тушган бундай таҳликали дамларда ўз чегара постида тинчлик учун жонини фидо қилган ҳарбийлар жасорати Маъмиржонга катта ҳаёт мактабини ўтади. У ҳарбий зобитларнинг ватан тинчлиги, халқ осойишталиги йўлида садоқатли хизматларига гувоҳ бўлди. Шу ердаёқ ўз келажагини ҳарбий хизмат билан боғлашга аҳд қилди.
Маъмиржон 2001 йил сентябрь ойида шартнома асосида Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида фаолият бошлади. Орадан ўтган шиддатли йиллар уни обдон тоблади. У қачон, қаерда бўлмасин ҳарб илмини чуқур ўрганди, ақл-заковатини бойитди, Ватан тинчлиги, осойишталиги учун курашди. Бугунги кунда Фарғона шаҳридаги ҳарбий қисмда садоқат билан хизмат қилиб келмоқда.
Инсон онги ва ақл-заковатининг бойлиги, дунёқарашининг кенглиги, умуман олганда маънан юксаклик китобхонлик билан бевосита боғлиқ. Қаҳрамонимиз ҳам анчагина китобсевар экан. “Энг севимли асарингиз қайси” дея қизиққанимиз заҳоти шахсий кутубхонасидан жой олган ва мириқиб мутолаа қиладиган энг ноёб адабиёт дурдоналарига, инсонни яхшиликка, эзгуликка чорлаш ғояси устувор асарлар ҳақида шундай деди:
– Болалигимдан китобга меҳрим бошқача, – дейди М.Убайдуллаев. – Бўш қолдим дегунча, қўлимга китоб оламан. Мумтоз адабиётни ёқтираман. Ҳикматларни қайта-қайта ўқишдан зерикмайман. Китоб ўқимасликни тасаввур ҳам қила олмайман. Ўзим севиб ўқиган китобларни бошқаларга ҳам тавсия қиламан, таъсирлантирган воқеаларни гапириб бергим келади.
Турмуш ўртоғи Ферузахон, фарзандлари Рухшона ва Муҳаммадлазиз ҳам китобга ошно. Дадаси Жунайдулло ака ва онаси Манзурахон опа фарзандини ҳарбий бўлганидан доимо фахрда. Маъмиржон ўтган йили онасини умра зиёратига жўнатди.
– Оилавий бахтга нима етсин, – дейди Маъмиржон биз билан суҳбатда. – Нафақат ҳарбийнинг, балки ҳар бир оилада тинчлик, бахтиёр турмуш ҳукмрон экан, шундагина, биз эркаклар хизмат жойимизда кўнглимиз тўқ, фикру хаёлимиз иш билан банд бўлади.
Маъмиржон фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор қаратади. Рухшонахоннинг орзулари, меҳр-муҳаббатидан, Муҳаммадлазизнинг аъло баҳолари, акробатика билан мунтазам шуғулланаётгани, тез-тез ҳарбий қисмда бўлиб ҳарбийлар ҳаёти билан танишаётганидан жуда қувонади. Улар қай касбни танлашсада, келажакда ҳалол, меҳнатсевар инсон бўлиб кўзлаган мақсадларига эришишлари муҳим эканини айтади.
Ҳаётда “Олдинга, яна олдинга, фақат олдинга” шиори билан яшаётган қаҳрамонимизнинг садоқатли хизмати бир неча бор эътироф этилган. У “Энг ғолиб сержант”, “Намунали оила” танловларида ҳам ғолиб бўлиб ҳамкасбларига, ёш ҳарбийларга ибрат бўла олди.
Сен она тупроғим, шонимсан ватан,
Тундай кўз қароғим, оримсан ватан.
Сенга хизмат қилмоқ мен учун шараф,
Таъзимдаман сенга боримсан Ватан.

Бу Маъмиржоннинг қалб сатрлари. У Ватанни ҳимоя қилиш билан бирга, унинг мадҳини шеърлари билан таърифлайди. Тарихдан маълумки, қайси давр, қайси макон бўлмасин инсоният ягона эзгу мақсад йўлида ҳамиша сергак. Муқаддас тупроқ, Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо қилиш туйғуси замирида мужассам бўлган ана шу муштарак мақсадни кичик сержант Маъмиржон Убайдуллаев шаштидан ҳам илғаш мумкин.