Ватан равнақи йўлида бирлашайлик
Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида “Мутахассислик сенинг келажагинг” мавзусида касблар фестивали ўтказилди. Унда туман ва шаҳарлардаги касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилари ўз амалий ишларини намойиш этди.
Тадбирда Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари вакиллари, вилояти халқ таълими бошқармаси, ҳамкор ташкилотлар ходимлари иштирок этди.
Фестиваль доирасида ёшларга “Мутахассислик сенинг келажагинг” мавзусидаги психологик тренинг, “Ректор ва ёшлар”, “Профессионал таълим муассасалари раҳбарлари ва ёшлар” учрашувлари ҳам ташкил этилди.
Шу билан бирга, ёшларни спорт мусобақаларига жалб қилиш, айниқса, маҳаллаларда оммалашаётган “Street Workout” майдончаларида шуғулланиб юрган ёшларимиз иштирокида мусобақа ўтказилди. Ғолибларга Жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг эсдалик совғалари, дипломлар топширилди.
Тошкент давлат аграр университетида “Ўзбекистон илм фани ёшлар нигоҳида” мавзусида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими в.б. Даврон Ҳидоятов, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов, олий таълим муассасалари талабалари, ёш олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Форум доирасида ташкил этилган кўргазмада ёш тадқиқотчилар ва докторантларининг илмий ишлари, қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари, балиқчилик йўналишидаги янгиликлар, асаларичиликдаги янги ютуқлар тақдимоти ўтказилди. Шундан сўнг иштирокчилар талабаларнинг илм олиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун яратилган шароитлар билан танишди.
Вилоят ҳокими в.б Даврон Ҳидоятов иштирокидаги очиқ мулоқотда ёш олимлар ва педогоглар ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами фарзандларига бепул билим бериш ташаббусини илгари сурди. Энг яхши илмий лойиҳалар, таклиф ва ташаббус эгаларига вилоят ҳокимининг эсталик совғалари берилди.
А.Мусаев, ЎзА