Ватан ҳимоясига муносиб ўғлонлар
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан давлатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами арафасида халқаро майдонларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар – “АрМИ – 2019” халқаро армия ўйинларининг иштирокчилари билан учрашув ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан давлатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами арафасида халқаро майдонларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар – “АрМИ – 2019” халқаро армия ўйинларининг иштирокчилари билан учрашув ўтказилди.
Ўзбекистонда кейинги уч йил ичида Қуролли Кучлар тизимида давлат ва жамият манфаатларини таъминлаш йўлида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан стратегик режалаштириш бўйича улкан аҳамиятга эга бўлган янгиланган Мудофаа доктринаси қабул қилинди.
Қуролли Кучларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлик даражаси янги сифат босқичига кўтарилди. Кадрлар тайёрлаш тизими тубдан янгиланди. Жойларда ҳарбий-маъмурий секторлар жорий этилди. Ҳарбий соҳада халқаро ҳамкорлик миқёси, ишонч ва ўзаро тажриба алмашиш кенгайди.
Қуролли Кучлар моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси сезиларли равишда кучайтирилди. Бугун халқ билан армиянинг бирлиги, якдиллиги амалда тўлиқ намоён бўлиб, ҳарбий хизмат жамиятда чинакам шарафли касбга айланди.
Мудофаа соҳасига бўлган тамомила янгича муносабат натижасида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари қатор нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юртимиз байроғини янада баландларга кўтариб, барчамизда ифтихор ва ғурур ҳиссини уйғотмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 3–17 август кунлари 10 та давлат ҳудудида ташкил этилган “АрМИ – 2019” халқаро армия ўйинларида 39 давлатдан 32 номинация бўйича 222 жамоа ўзаро баҳслашди.
Унда Мудофаа вазирлигидан 14 жамоа иштирок этди. “Танк биатлони” ва “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловида жамоаларимиз энг юксак – биринчи ўринни, шунингдек, “Содиқ дўст”, “Рембат”, “Эльбрус халқаси”, “Қўшинлар разведкаси аълочилари” мусобақаларида фахрли – иккинчи ўринни ҳамда “Хавфсиз маршрут”, “Мусаффо осмон”, “Йўл патрули”, “Дала ошхонаси”, “Артиллерия олови устаси” ўйинларида ишончли – учинчи ўринни эгаллашди.
Умумжамоа ҳисобида “АрМИ – 2019” халқаро армия ўйинлари натижаларига кўра барча иштирок этган давлатлар ўртасида мамлакатимиз ҳарбийлари 5-поғонани эгаллашди, қолаверса, 10 дан ортиқ йўналишда рекорд натижаларни қайд этишди.
Шу муносабат билан депутатлар “АрМИ – 2019” халқаро армия ўйинларининг иштирокчиларини табриклаб, улар эришган бу натижалар, аввало, халқимизнинг ҳам ғалабаси эканлигини ҳамда бу ғалабалар барча ёшларимизга шахсий намуна бўлиб хизмат қилишини таъкидлашди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан янги таҳрирда қабул қилинган “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, ушбу қонуннинг нормалари ҳақида маълумот берилди. Иштирокчиларининг фикрича, янги таҳрирдаги қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги қонунчилик тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Ушбу қонун мазмун-моҳиятини, аввало, ҳарбий хизматчиларга, халқимизга, ёшларимизга етказиш лозимлиги, бунда парламент аъзолари Мудофаа вазирлиги мутасаддилари билан биргаликда ҳарбий қисм ва муассасаларда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.