Ватан ичра ватанлик бўлиш бахти
Ўша 462 нафар бахтли хонадон орасида Бекеновлар оиласи ҳам бор.
Байрамга туҳфа
Бугун Бекеновлар хонадонида қўшалоқ байрам. 14 январь – Ватан ҳимоячилар куни арафасида пойтахтимизнинг Яшнобод тумани Олмос маҳалласида ҳарбий хизматчилар учун 462 хонадонли 11 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Ўша 462 нафар бахтли хонадон орасида Бекеновлар оиласи ҳам бор.

– Ўз уйига эга бўлиш бахти инсонга ўзгача руҳият бахш этади, – деди ҳарбий шифокор Абдулҳаким Бекенов. – 2020 йил бошида замонавий лойиҳалар асосида қурилган уйлардан бири бизга топширилиши ҳақидаги хабарни эшитиб оилавий хурсанд бўлган эдик. Шу соҳада 23 йиллик фаолиятим давомида вилоятларда ишлашга тўғри келди. Ўз уйимиз бўлмагани, ижарама-ижара кўчиб юриш очиғи менга эриш туюларди. Икки фарзандим ва оилам олдида ўзимни ноқулай ҳис қилардим. Тўғри шу пайтгача ҳам давлат бизни бошпанасиз қўймаган. Аммо ўз уйинг бўлиши қувончли экан.

– 2019 йил оиламиз учун омадли йил бўлган эди, –деди врач-гинеколог Малика Бекенова. – Ўғлим Комилжон Абдулҳакимов Ички ишлар академиясини тамомлади. Ҳозирда Тошкент шаҳар Олмазор тумани ички ишлар бўлимида кичик терговчи лавозимида ишлаб келяпти. Қизим Мунира Абдулҳакимова ҳарбий хизматчилар оиласига берилган имкониятдан фойдаланиб Тошкент давлат стоматология институтига имтиёзли равишда ўқишга кирди. 2020 йилдан эса ҳаётимизда ёруғ кунлар бошланди. Энди ўз уйимизда тўйлар, тадбирлар қиламиз. Бу жамиятнинг бир бахтли онаси сифатида мени хурсанд қилади.

Замонавий лойиҳалар асосида қурилган ушбу турар жойлар хоналари ёруғ ва қулай. Ошхона ва ювиниш хоналари деворларига алоҳида ишлов берилган, Меҳмонхона кенг бўлиб ўзбек халқининг бағрикенглигига ишора. Узун йўлак ошхона, ётоқхона ва меҳмонхонага олиб боради. Ҳар бир бино олдида болалар учун ўйингоҳлар ва манзарали яшил майдончалар ўрнатилган. Соҳадаги ушбу рағбат кишини касбини севишга, сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди.
