Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни барча ҳудудларда бўлгани каби Сирдарёда ҳам ўзгача руҳда нишонланмоқда. Бугун эрта тонгдан вилоят марказидаги Хотира хиёбони ҳар қачонгиданда гавжум бўлди.
Вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, секторлар раҳбарлари, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида “Мотамсаро она" ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, юрт тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида жонини фидо қилганлар руҳига ҳурмат бажо келтирилди.
Вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтган тантанали тадбирда сўз олган вилоят раҳбари йиғилганларни байрам билан муборакбод этди. Бугунги глобаллашув жараёнлари ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Шарафли бурчини аъло даражада адо этиб, намуна кўрсатаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Куй-қўшиқлар янграб, жонажон Ўзбекистонимиз, хотиржам, осуда кунлар, миллий армия ва ҳарбийларимиз мадҳ этилди. Тадбир "Зомин" тантаналар уйида ёзилган байрамона дастурхон атрофида давом этди.
[gallery-15467]
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев,(сурат), ЎзА мухбирлари