Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда
“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либериал-демократик партияси Сирдарё вилояти ва Сайхунобод туман кенгашлари, туман ҳокимлиги, мудофаа ишлари бўлими ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида “Ким Ватанга содиқ бўлса – мендурман ўша!” шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Шу мносабат билан ташкил этилган тадбирда Сирдарё вилоятидаги 525-БМПР, махсус операцияларни бажарувчи батальон бўлинмаси, «н» ҳарбий қисм ҳамда Миллий гвардия вилоят бошқармаси ҳарбий хизматчилари, шу туманда истиқомат қилувчи фронт орти меҳнат фахрийлари, байналминалчи жангчилар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Туман ҳокими Фаррух Ўктамжонов, туман мудофаа бўлими бошлиғи, подполковник Акром Мўйдинов ва бошқалар барча йиғилганларни Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклади.
Байрам тадбирининг биринчи қисмида таклиф этилган ҳарбий хизматчилар томонидан иштирокчиларга қурол-аслаҳалар кўриги ва қўл жанг санъати усулларидан кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
[gallery-766]
Тумандаги 8-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ёшларининг байрам концерт дастури тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият улашди.
Тадбирнинг иккинчи қисми туман марказидаги “Ёшлар хиёбони”да давом этди. Бу ерда ҳарбий техникалар намойиши, махсус операцияларни бажарувчи батальон бўлинмаси ҳарбий хизматчиларининг жанговар чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, тадбирда ёшлар ўртасида тош кўтариш, арқон тортиш каби мусобақалар ташкил этилиб, ғолиб ва совриндорлар ЎзЛиДеП туман кенгаши ва Республика Маънавият-маърифат маркази туман бўлими томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир якунида ҳарбий хизматчилар, фронт орти меҳнат фахрийлари ва байналминалчи жангчиларга Сайхунобод тумани ҳокимлиги ва ЎзЛиДеП туман кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА