Ватан байроғини кўкларга кўтариш шараф
Мамлакатнинг давлат рамзлари унинг мустақиллигини ифодалайди.
Мамлакатнинг давлат рамзлари унинг мустақиллигини ифодалайди. Шунинг учун ҳам байроқ, мадҳия ҳамда гербни камситиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик билан жазоланади.
– Давлатимиз рамзларидан бири бўлган байроқ ўзлигимиз, мустақиллигимиз нишони, халқаро муносабатларда республикамизнинг тимсолидир, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси Маржон Адилова. – Халқаро майдонда давлатимиз байроғи Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг чет давлатларга сафарларида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, бутунжаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида мамлакатимизни танитади.
Нукус шаҳри марказида баландлиги 55 метр бўлган, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқлари ҳилпираб турибди. Бугунги кунда жаҳон сайёҳлари диққат-марказида бўлган И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси санъат музейи ҳамда қорақалпоқ халқининг буюк шоири Ажиниёз ҳайкали ёнида ўрнатилган ушбу байроқлар ҳар биримизга чексиз ифтихор, ғурур бағишлайди. Бу майдон нафақат Нукус шаҳри аҳолисининг, балки меҳмонларнинг ҳам севимли масканига айланган.

– Қаерда, қандай натижаларга эришмайлик Ватанимиз байроғини эъзозлаймиз, уни кўкларга кўтаришни фарзандлик бурчимиз, деб биламиз, – деди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Дилмурод Юлдашев. – Чунки байроқ – ҳурлик тимсоли, эзгулик ҳамда тинчлик рамзи. Аждодларимиз юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраган. Байроқ ҳамиша одамларга куч-қудрат, шижоат бағишлаб туради. Шундай экан, байроғимиз ҳамиша баланд-баландларда ҳилпирайверсин!