Вашингтондан Самарқандга: АҚШ билан ҳамкорлик Ўзбекистонга нима беради?
Сўнгги йилларда Америка Қўшма Штатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Самарқандда ўтган “C5+1” форматидаги вазирлар учрашуви, унда АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг иштироки икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликда янги йўналишларга йўл очади.
Бу ҳақда Пенсильвания давлат университети Ҳуқуқшунослик йўналиши магистр битирувчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Эркабой Усмоналиев муносабат билдирди:
— АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат муносабатларида янги босқични бошлаб бермоқда. 19 октябрь куни Самарқандда ўтказилган учрашувлар савдо, инвестициялар, энергетика, стратегик фойдали қазилмалар, технологиялар ва минтақавий хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.
Мазкур учрашувларнинг аҳамияти фақат икки томонлама муносабатлар билан чекланмайди. Улар АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан иқтисодий ва дипломатик ёндашуви кучаяётганини, Ўзбекистон эса халқаро ҳамкорлик географиясини диверсификация қилишга интилаётганини кўрсатади.
Хўш, мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонга нима беради?
Иқтисодий наф. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар мусбат нисбатда сезиларли ошиб бормоқда. 2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 881,7 миллион долларни ташкил этган. Бу 2023 йилга нисбатан қарийб 15 фоизга ўсган. Ўтган йили эса бу рақамлар каррасига ортиб, товарлар ва хизматлар савдоси ҳажми тахминан 1,7 миллиард долларга етган.
Саммит доирасида қиймати тахминан 12 миллиард долларлик 54 та келишув ва инвестиция ташаббуси илгари сурилган. Улар автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, авиация, транспорт, молия ва рақамли технологиялар каби бир қатор йўналишларни қамраб олади. Юртимизга қилинган ҳар бир инвестиция эса бюджетимизга қиймат, ўзбек дастурхонига эса тўкинлик демакдир.
Саммитнинг ўзига хос жиҳати, учрашувларнинг муҳим хусусияти шундаки, сиёсий мулоқотнинг амалий бизнес ҳамкорлиги билан бирлаштирилганидир. Ҳукуматлараро музокаралар билан бир қаторда, хусусий сектор вакилларининг иштироки компаниялар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ва янги лойиҳаларни шакллантириш имконини беради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бизнес ва инвестиция ҳамкорлигининг институционал механизмларига алоҳида эътибор қаратиб, ушбу платформанинг аҳамиятини таъкидламоқда. Марко Рубио ҳам АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан ёндашувида иқтисодий имкониятлар ва узоқ муддатли шерикликка кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди. Бироқ, саммитни бошқа халқаро учрашувлардан ажратиб турадиган жиҳатни фақат иштирокчилар сони ёки келишувларнинг умумий қиймати билан ўлчаш етарли эмас. Унинг ҳақиқий аҳамияти сиёсий келишувларни аниқ иқтисодий натижаларга айлантира оладиган механизмларнинг шаклланишида намоён бўлади.
Геосиёсий аҳамият: Ўзбекистоннинг стратегик мавқеи. Марказий Осиё Россия, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа ўртасидаги муҳим геоиқтисодий ҳудуд ҳисобланади. Шу сабабли минтақада транспорт йўлаклари, энергетика, стратегик минераллар ва рақамли инфратузилма бўйича ҳамкорлик халқаро миқёсда тобора катта аҳамият касб этмоқда.
АҚШ билан алоқаларнинг мустаҳкамланиши Ўзбекистонга янги технологиялар, капитал ва халқаро бозорлар билан боғланиш имкониятларини кенгайтириши мумкин. Вашингтон учун эса Ўзбекистон билан ҳамкорлик Марказий Осиёдаги иқтисодий иштирокини кучайтириш ва минтақа давлатлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш имконини беради.
Геосиёсий майдонда Ўзбекистоннинг асосий устунлиги — турли халқаро ҳамкорлар билан мувозанатли муносабатларни сақлашга қаратилган прагматик сиёсати. Бу эса мамлакат нуфузини халқаро жамият олдида ошириш, тинчликни таъминлаш ҳамда иқтисодий имкониятларни диверсификация қилишга хизмат қилади.
Келгуси йилларда саммит натижалари бир неча асосий кўрсаткичлар орқали баҳоланади: ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми, ўзаро савдонинг ўсиши, янги корхоналар ташкил этилиши, иш ўринлари яратилиши ва технологиялар трансфери. Энергетика, стратегик минераллар, ишлаб чиқариш ва рақамли технологиялар соҳаларидаги лойиҳалар Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори қўшилган қийматли тармоқларини ривожлантиришга ёрдам бериши мумкин. Бунинг учун шаффоф тартиб-таомиллар, малакали кадрлар, барқарор ҳуқуқий муҳит ва инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, Самарқанддаги учрашувлар Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг келажаги учун муҳим имконият яратади. Бироқ, унинг тарихий аҳамияти эълон қилинган келишувлар сони билан эмас, балки улар натижасида амалга ошадиган лойиҳалар, яратиладиган иқтисодий қиймат ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг узоқ муддатли барқарорлиги билан белгиланади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА