Вабонинг йўлини тўсган авлиё
Юртимиз минглаб маданий мерос объектларига эга. Уларнинг ҳеч бири бир-бирини такрорламайди. Ана шундай бетакрор обидалардан бири Кармана туманидаги Қосим Шайх мажмуасидир.
Юртимиз минглаб маданий мерос объектларига эга. Уларнинг ҳеч бири бир-бирини такрорламайди. Ана шундай бетакрор обидалардан бири Кармана туманидаги Қосим Шайх мажмуасидир.
У ўрта асрларда барпо этилган бўлиб, бу ер ўз вақтида илм-маърифат ўчоғи бўлгани ва унда Қосим Шайх Азизон ҳазратлари яшаб ижод этгани билан аҳамиятлидир.
Ушбу нодир меъморий ёдгорликни – Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II Қосим Шайхга бўлган ихлоси юзасидан 1558 йилда Карманада барпо этган.
Бунёдкорлик ишларида ХVI асрда Кармана беклиги маънавий ҳаётида ўчмас из қолдирган Қосим Шайх Азизоннинг ўзи ҳам қатнашган ва ҳомийлик қилган.
Хонақоҳ тахминан ўн йил давомида қурилган. Унинг уч (шимол, жануб ва ғарб) томони кунгурадор қилиб қурилган ва безатилган.
– Қосим шайх 16 аср бошида яшаган Марказий Осиёдаги энг йирик ислом дини намоёндаларидан бўлиб, кароматлар соҳиби, дуолари ижобат бўладиган авлиё ҳисобланган, – дейди Навоий вилояти тарих ва маданият музей ходими Лола Саидова. – Шайх тўғрисидаги маълумотлар тарихий асарларнинг кўпчилигида учрайди. Хусусан, Муҳаммад Тоҳир Эшон «Тазкира»си Қосим Шайх ҳақида қимматли маълумотларни берибгина қолмай, у кишининг маънавий силсиласи давомчилари, яъни халифалари ҳақида ҳам сўз юритади.
Ривоятларга кўра, Қосим Шайх авлиё экани, унинг ўлими билан боғлиқ воқеада янада англашилади. Яъни Кармана аҳолиси вабо касаллигидан азият чекканда, бу инсон Аллоҳга илтижо қилиб, халқи учун ўзини қурбон қилишни сўрайди. Шу тариқа юртдан бу касаллик арийди ва Қосим Шайх вафот этади.
– 2001 йилда Шайх қабри тупроқ қатламларини ўрганиш мақсадида очилганда топилган кўзалар бундай фикрга далил бўлмоқда, – дейди Л.Саидова. – Қабрдан етти дона кўза топилди. Тиббиёт нуқтаи назаридан вабо касалига чалиниб вафот этган одамлар ёнига улар фойдаланган идишлар қўшиб кўмилгани айтилмоқда.
Яна бир тахмин ислом динида етти думалаган сув ҳалол бўлади, деган ўгит билан дафн этилган бўлиши ҳам мумкин.
Қабрдан кўзаларнинг топилишида яна бир тахмин бор. Айрим манбаларда инсон умри давомида нима иш билан шуғулланган бўлса, шу жиҳозлар билан кўмилгани келтирилган. Қосим Шайх кулолчилик билан шуғулланган бўлиши ҳам мумкин.
Албатта, вақти келиб, бу тахминлардан бири ўз исботини топиши тайин. Аммо... Қосим Шайх ҳақида ўрганилмаган жуда кўплаб жиҳатлар бор.
Хусусан, унинг ҳикматлари мавжуд манбалар, уларнинг адади ёки бошқа жиҳатлари хусусида мукаммал илмий изланишлар амалга оширилмаган.
Зеро, айрим олимлар унинг қаламига мансуб ҳикматлар Яссавийнинг “Девони ҳикмат” тўпламининг кўлёзма ва тошбосма нусхаларининг ҳошия ва иловаларида учрашини айтишмоқда.
Қайд этиш жоизки, ушбу мажмуанинг ўтмишдаги тақдири ҳам бошқа обидаларга ўхшаб кетади.
Мисол учун, 1920 йилда гумбазнинг маълум қисми йиқитилади. Музейда сақланган суратларда кўринишича, 1940 йилларда бу ерда қишлоқ хўжалиги тракторлари сақланган.
1980-йилларда кимёвий ўғитлар сақланадиган омборхона бўлган. 1999 йилда Кармана тумани ташкил этилганда биринчи таъмирлаш ишлари мазкур маскандан бошланган.
2018 йилда мазкур маданий мерос объекти мукаммал таъмирланди. Хусусан, мажмуанинг зах тортиб, емирилишига сабаб бўлаётган ер ости сувларини бинодан узоқлаштириш мақсадида ҳудудда 4-5 метр чуқурликдаги ҳовуз барпо этилди.
Ҳовузда тўпланган сув Касаба каналига чиқариб юборилади. Шунингдек, мажмуа пойдеворини мустаҳкамлаш, иморатнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган ғиштларини алмаштириш, атрофни ободонлаштириш ишлари ҳам бажарилди.
Яна бир гап. Таъмирлаш жараёнида Қосим Шайх Азизоннинг қабр тошига ўша давр шоири Мушфиқий ёзган марсия ўрганилган. Улар араб ёзувидан кирилл алифбосига айлантирилиб, марамар тошга кўчирилган.
Маълум бўлишича, Абдуллахон Қосим Шайхга атаб қурдирган мақбара тошларни чор мустамлакачилари ташиб кетган экан.
Қосим Шайх мақбараси ёнидаги зиёратхона ичида, меҳроб ёнида катта кўк тош (оникис) бўлган. Бу тош ҳозир Ленинградда экан.
Маълумотларга кўра, унвони “Ҳожа Азизон” бўлган Қосим шайхнинг қабртоши уч марта алмаштирилган. Ҳар сафар у каттароқ ва чиройли қилиб қўйилган.
Ҳозиргисида марсия олиб ташланган бўлиб, шайх ҳақидаги маълумотлар билан тўлдирилган.
Келгуси йилда ушбу мажмуани ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши кутилмоқда.


