“Узум сайли – 2026”: халқаро фестиваль муваффақиятли якунланди
Паркентнинг сўлим табиати бағрида икки кун давом этган “Узум сайли – 2026” халқаро фестивали кўтаринки кайфият ва унутилмас таассуротлар билан якунланди.
Фестиваль доирасида узумчиликнинг қадимий анъаналари, миллий қадриятлар ва замонавий имкониятлар ўзига хос уйғунликда намоён бўлди. Турли ҳудудлардан ташриф буюрган иштирокчилар энг сара узум навлари, миллий таомлар, ҳунармандчилик намуналари ҳамда ижодий чиқишлари билан ўз маҳоратини намойиш этди.

– Мазкур фестиваль фаолиятимизни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, — дейди заркентлик уста деҳқон Алимардон Деҳқонов. – Ҳозирда 1 гектар 30 сотих майдонда узумнинг "Ризамат ота", "Тоифи", "Кишмиш"нинг қора ва оқ навларини етиштиряпмиз. Аслида бу заминда узум етиштириш — шунчаки ҳосил олиш эмас. Бу тупроқнинг тилини, иқлимнинг хусусиятини англаш, сувни тежаб ишлатиш, ҳар бир навнинг табиатини билиш, уни меҳр билан парваришлаш, ҳосилни саралаш, сақлаш ва қайта ишлаш, сўнгра сифатли маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқишгача бўлган улкан меҳнат ва билим жараёнидир. Ҳудудларимиз лалми ерлардан иборат. Қишда қор, баҳорда ёмғир сувидан унумли фойдаланиб, токзорларни парваришлаймиз. Бу касб ота-бобомиздан мерос бўлиб қолган. Ўтган йили узум сайлида 15 миллион сўмлик ҳосил сотдик. Бу йил ҳам ҳосил мўл, харидор кўп бўлди. Меҳнатнинг ортидан фарзандларимизни ўқитдик, уй-жойлар солдик, тўйлар қилдик. Узумнинг баракаси бор.

Дарҳақиқат, Заркентдаги узум сайли нафақат ҳосил байрами, балки ҳалол меҳнат қадри улуғланаётган, деҳқоннинг ризқи ва баракаси намоён бўлаётган файзли айёмдир. Ҳар бир харидор дастурхонига бир бош узум билан бирга Заркент деҳқонининг меҳнати ва меҳр-оқибатидан ҳам олиб кетгандек бўлади. Хорижлик сайёҳлар ҳам катта таассуротларга эга бўлди.

– Мен яшайдиган Хитойнинг Синьцзян провинциясида ҳам узумнинг турли хил, ажойиб навлари етиштирилади, – дейди хитойлик меҳмон Ян Жун. – Аммо, Ўзбекистон узумларининг таъми, хушбўйлиги ва ташқи кўриниши ўзига хос эканини ҳис қилдим. Фестивалда юртингизда етиштирилаётган узум навлари, уларнинг хилма-хиллиги ва сифатини кўриб, Ўзбекистонда узумчилик соҳаси катта салоҳиятга эга эканига амин бўлдим. Бу саёҳатимиз давомида ўзбек ва хитойлик узум етиштирувчилар ўртасида тажриба алмашиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича режаларни ҳам белгилаб олдик.

Тадбирнинг иккинчи куни ҳудудлар ўртасида турли номинациялар бўйича ўтказилган танловлар якунланиб, ғолиблар тантанали равишда тақдирланди. Хусусан, фестиваль доирасида энг сара шеърлар танлови ҳам ташкил этилди. Унда ижодкорларнинг она диёр, табиат, узумчилик анъаналари ва юртимизнинг бетакрор гўзаллигига бағишланган ижод намуналари ҳакамлар томонидан муносиб баҳоланди. Ғолиблар тантанали равишда мукофотланди. Мазкур маросимда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда мутасаддилар иштирок этди.
Фестиваль давомида ранг-баранг концерт дастурлари, миллий урф-одат ва анъаналар акс этган саҳна кўринишлари, халқ амалий санъати намуналари ҳамда турли кўргазмалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Айниқса, Паркентнинг машҳур узумчилик мактаби, серҳосил токзорлари ва соҳибкору фермерларнинг меҳнати кенг намойиш этилгани фестивалнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди. Икки кунлик байрам ўз ниҳоясига етган бўлса-да, унинг ёрқин таассуротлари, миллий руҳи ва самимий муҳити иштирокчилар хотирасида узоқ сақланиши шубҳасиз.
А.Мусаев, ЎзА