UzNIF давлат корхоналарининг инвестицион жозибадорлигини оширмоқда (+видео)
“Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси” АЖ томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда “Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси” АЖ ишончли бошқарувчиси, “Franklin Templeton Asset Management” МЧЖ ХК бош директори Мариус Дан жамғарманинг фаолияти, эришилган натижалар ҳамда келгуси режалари ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, UzNIF Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлар дастури доирасида Президентнинг 2024 йил 27 августдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Жамғарманинг асосий вазифалари мамлакат капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш, халқаро инвестицияларни жалб қилиш ҳамда давлат корхоналарининг қийматини оширишдан иборат.
UzNIFнинг инвестиция мақсади фаол акциядорлик, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва капитални самарали тақсимлаш орқали акциядорлар даромаддорлигини, шунингдек, бир акцияга тўғри келадиган соф активлар қийматини оширишдан иборат. Жамғарманинг диверсификацияланган портфели транспорт, молиявий хизматлар, энергетика, коммунал инфратузилма ва телекоммуникация соҳаларида фаолият юритувчи 13 та давлат корхонасидаги 25 фоиздан 40 фоизгача бўлган улушларни қамраб олган.
Жаноб Мариус Даннинг сўзларига кўра, 2026 йил май ойидан бошлаб UzNIF Лондон фонд биржаси ва “Тошкент” Республика фонд биржасида листинг қилинган. “Franklin Templeton, Inc.” компаниясининг билвосита шўъба корхонаси ҳисобланган Тошкентдаги “Franklin Templeton Asset Management” МЧЖ ХК UzNIFнинг ишончли бошқарувчиси ва активларини бошқарувчи компания сифатида фаолият юритмоқда.
– Биз фаолиятимизни 2025 йил 1 майда бошладик. Ўтган 12 ой давомида йирик битимга эришдик. Миллий инвестиция жамғармасининг дастлабки оммавий таклифини амалга оширдик. Унинг доирасида Ўзбекистон ҳукумати жамғармадаги ўз улушининг бир қисмини сотди.
IPO (акцияларнинг дастлабки оммавий таклифи) муваффақиятли амалга оширилди. Жамғарма акцияларининг очиқ бозорда сотилиши натижасида уларнинг нархи ҳам ошди. Энг муҳими, акциялар соф активлар қийматидан бироз юқори нархда сотилаётгани халқаро институционал инвесторларнинг Ўзбекистон бозори ва мамлакат салоҳиятига қизиқиши юқори эканини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, трансформация жараёнини бошлаш мақсадида ҳукумат, Кузатув кенгашлари ва портфель компанияларининг бошқарув жамоалари билан ҳамкорлик қилдик.
Энди ҳар бир компаниянинг алоҳида ўсишига эътибор қаратамиз. Масалан, “Ўзтелеком”нинг сўнгги бир неча ойдаги ривожланишини алоҳида қайд этиш мумкин. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳам эътиборли активлардан бири ҳисобланади. Умуман, портфелимиздаги ҳар бир компаниянинг истиқболини юқори баҳолаймиз.
Энергетика активлари жамғарма портфелидаги энг йирик сектор бўлиб, активлар базасининг 37 фоизини ташкил этади. Биз ушбу компаниялар келгусида янада юқори қиймат яратишига ишонамиз.
Менимча, бутун портфель бўйича Кузатув кенгашларидаги янгиланишлар муҳим натижа бўлди. Биз барча 13 та компанияда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш бўйича ишларни амалга оширдик.
Бу олдинга ташланган катта қадам. Кузатув кенгашлари даражасидаги муҳокамаларда сезиларли ўзгаришларни кўряпмиз ва бу компанияларнинг келгусидаги трансформацияси учун яхши натижа беради, деб ҳисоблаймиз. Шундай қилиб, 13 та давлат компаниясининг бошқарувида катта қадам ташланди. Бунга Ўзбекистон ҳукумати, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Президент Администрациясининг қўллаб-қувватловисиз эриша олмаган бўлардик.
Кейинги босқичда портфелимиздаги компанияларни капитал бозорига олиб чиқиш бўйича ишларни давом эттирамиз. Жумладан, “Ўзтелеком”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларини оммавий бозорга чиқариш режалаштирилган.
SQB мамлакатдаги учинчи йирик банк ҳисобланади. Кучли капитал бозори экотизими учун йирик банкнинг ҳам листингдан ўтиши муҳим. Шу боис SQBнинг IPOга чиқадиган банк бўлишини истаймиз. Ушбу битимларни тайёрлаш устида ҳар куни самарали ишлаяпмиз. Биринчи шундай битим 2027 йилда амалга ошишини кутяпмиз, – деди Мариус Дан.
Тадбир якунида журналистларнинг саволларига жамғарма мутасаддилари томонидан жавоб берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/c4mAvHS5UBY" title="УзНИФ davlat korxonalarininginvestision jozibadorligini oshirmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Ёқубов,
Анвархўжа Аҳмедов (видеомонтаж), ЎзА