UZEX биржаси йилни қандай якунламоқда?
Биржа тўғрисида фикр юритилганда, кўз олдимизга сон-саноқсиз мониторлар, улардаги турли кўрсаткичлар, котировкалар, рақамлар ва албатта уларни диққат билан кузаётган брокерлар ва ишбилармонларнинг қиёфалари келади.
Биржа тўғрисида фикр юритилганда, кўз олдимизга сон-саноқсиз мониторлар, улардаги турли кўрсаткичлар, котировкалар, рақамлар ва албатта уларни диққат билан кузаётган брокерлар ва ишбилармонларнинг қиёфалари келади.
Аслида-чи? Шу тасаввурнинг ўзи етарлимикан? Биржа ўзи нима? Бу ва бошқа бир қатор саволларга “ЎзРТХБ” АЖ Бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Ҳикматулло Тиллабоев ойдинлик киритди.
– Амалдаги қонунчилигимизга назар ташласак, биржа – олдиндан белгиланган жой ва муайян вақтда, белгиланган қоидалар асосида биржа савдоларини ташкил этувчи юридик шахс, –дейди Ҳ.Тиллабоев.– Содда қилиб айтганда, сотувчи ва харидор, талабгор ва таклиф этувчининг савдолашиш нуқтаси, ўзига хос бозор! Анъанавий бозор қонуниятларини четлаб ўтган ҳолда, биржада иккала томон ҳам ўз офисидан чиқмасдан туриб, олди-сотди ишларини амалга ошириши мумкин. Биржада ҳал қилувчи роль ўйнайдиган энг муҳим омил бу – нархлар! Нархлар эса аллақандай бюрократик, маъмурий ёки мавҳум усуллар асосида эмас, энг аввало, бозор механизмлари асосида, реал ҳаётга мос равишда шаклланмоғи лозим.
Биржа савдолари ҳақидаги эълонларни, ҳар гал янгиликлар вақтида телеэкранларда намоён бўладиган биржага доир титр ва ҳаракатланувчи сатрларни ҳам бепарволик билан кузатамиз. Шу тобда улар кўпчилик учун оддий шакллар ва рақамлардан бошқа ҳеч нарса эмас!
Бироқ масалага чуқурроқ ёндашганда, якунига етаётган 2019 йилда соҳада сезиларли ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Масалан, мартдан бошлаб “ЎзРТХБ” биржа савдолари орқали илк маротаба қимматбаҳо металларнинг сотуви йўлга қўйилди.
Муҳим янгиликлардан яна бири биржанинг электрон тижорат соҳасига оид бўлиб – мобиль рақамларни сотиш бўйича янги савдо платформасининг жорий этилиши бўлди.
Шунингдек, жорий йилда “ЎзРТХБ” Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда mytransport.uz логистика бўйича янги электрон порталини ҳам ишга туширди. Портал фойдаланувчилари, шу жумладан биржа савдо ва электрон тижорат иштирокчилари учун электрон тизимда товарни етказиб бериш бўйича лицензияга эга автоташувчиларидан энг яхши таклифни олиш имконига эга бўлдилар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори билан Аи-91 русумли автомобиль бензинининг чакана нархи биржа савдолари орқали бозор қоидалари асосида, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда эркин ўрнатила бошлади.
– Нима сабабдан 91-русумли бензиннинг нархи автомобиль ёқилғи шохобчаларида 5700 сўм, биржада эса 6241 сўм?
– Бу биринчи навбатда биржада сотиладиган 91-русумли бензиннинг нархи тоннада, шохобчаларда эса литр ўлчовларида белгиланиши билан боғлиқ. Турли манбаларда келтирилишича, автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1350 литрни ташкил қилади. Қолаверса, эндиликда шохобчалар мазкур русумли бензинни биржа орқали харид қилиб, унинг нархини ўзларининг харажатларидан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгилаш ҳуқуқига эга бўлишди.
Бундан ташқари, биржада шаклланиб бораётган нархлар нафақат ўсиши, балки пасайиши мумкинлигини ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Мисол учун, янги тартиб ўрнатилган пайтдан бошлаб 2019 йилнинг охирларигача бўлган даврда биржадаги нархлар ўртача 4,6 фоизга, яъни маҳсулотнинг бир тоннаси учун максимал 6527 минг сўмдан 6226 минг сўмгача тушган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ 15 октябрдан буғдой ва буғдой унининг маълум категорияси ҳам ҳеч қандай чекловларсиз очиқ биржа савдолари орқали сотила бошланди.
Илгари аҳолининг унга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун давлат қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилардан ғаллани паст нархларда сотиб олиш механизми амал қилган. Бироқ шунга қарамасдан уннинг катта қисми чакана бозорларида воситачилар ўрнатган устама билан бозор нархларида сотилаверилган. Бу эса ўз навбатида фермерлар ва дон корхоналарининг иқтисодий зарар кўриши, улар моддий-техника базаларини яхшилай олмасликлари, ҳосилдорликни оширишга бўлган рағбатнинг тушиб кетишига олиб келган.
Буғдой унининг сотилишида бозор механизмининг қўлланилиши натижасида харидорларни тўғридан-тўғри очиқ биржа савдоларида эркин иштирок этиши таъминланди. Натижада маълум вақт ўтиши билан бозор қоидалари ўз сўзини айтди ва биржанинг буғдой уни бозорида мувозанат ўрнатилди. Хусусан, I-навли уннинг бир тоннаси учун ўзининг максимал нуқтаси, яъни 2579 минг сўмдан 2319 минг сўмгача тушди.
Кўриниб турибдики, товар бозорларида биржа механизмини қўлланилиши нархларни пасайишига ҳам олиб келиши мумкин. Биржа савдолари эса, ўз ўринда очиқлик ва шаффофлик ҳар қандай ёпиқ ва чегараланган тизимдан афзал эканлигини амалда кўрсатиб берди.
Жорий йилда монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар фақат биржа савдолари орқали сотиладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг рўйхати кенгайтирилди. Янги рўйхатга қўшимча тарзда техник мой, иситиш ёқилғиси, буғдой уни, омухта ем, ёқиш мазути, суюлтирилган газ, хўжалик совуни, нефть эриткичи, нефть парафини, нефть битуми ва мис купороси каби товарлар киритилди.
– 2020 йил 1 январдан бошлаб стратегик аҳамиятига эга бўлган буюртмачиларига электрон дўконнинг қўшимча саҳифасидан фойдаланган ҳолда, давлат харидларини ҳудудлар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга ошириш ҳуқуқи берилиши ҳақида эшитдик. Бу қандай афзалликларга эга?
– Эндиликда, маҳаллий тадбиркорлар ўзларининг ҳудудидаги давлат харидларидан кенгроқ фойдаланишлари, стратегик аҳамиятга эга бўлган буюртмачилар эса ўртадаги масофанинг яқинлиги эвазига қўшимча вақт ва пул маблағларини тежашлари мумкин бўлади. Агарда 11 ойлик якунларга қарасак, “ЎзРТХБ” 39,2 триллион сўмлик битимлар тузди ва бу 2018 йилнинг мос даври билан солиштирганда 37 фоизга кўпдир.
Электрон савдолар ҳажмининг кескин ўсишига нафақат сотилаётган товарларнинг ҳажми ва номенклатурасини кенгайиши, балки бизнес вакилларининг биржа ва аукцион савдоларда фаол иштирок этиши ҳисобига ҳам эришилган. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан биржада тузилган битимларнинг умумий қиймати 2018 йилнинг 11 ойига нисбатан 32 фоизга ўсиб 19,0 трлн. сўмни ташкил этди. Бу эса уларни очиқ, шаффоф ва эркин савдолардан манфаатдор эканлигидан далолат беради.
Қисқаси якунланаётган 2019 йил мамлакатимизда ўз фаолиятини муҳим бозор инфратузилмаси сифатида юритиб келаётган UZEX биржаси учун катта ўзгаришлар йили бўлди.
Энг асосийси, йил давомида соҳада содир бўлган ўзгаришлар ва амалга оширилган ишларнинг барчаси ҳалоллик мезони асосида мамлакатимизни ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш каби муҳим мақсад сари йўналтирилган эди.