"UzChess Cup 2026": Воҳидов ва Муҳиддиновнинг шов-шувли ғалабаси
Бугун, 12 июнь куни Тошкентда давом этаётган “UzChess Cup 2026” халқаро турнирининг "Masters" гуруҳида ўтказиладиган 6-турда Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда Нодирбек Ёқуббоев билан, Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Нейманн Ханс Моке билан, Муҳиддин Мадаминов оқ доналарда Видит Сантош билан баҳс олиб боради. 6-турда, шунингдек, Ян Непомняший - Аржун Эригаиси ҳамда Николас Теодору - Шахриёр Мамедяров ўртасидаги баҳслар бўлиб ўтади.
Умумий мукофот жамғармаси 121 минг 500 АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг ортда қолган 5-турида Шамсиддин Воҳидов блиц йўналиши бўйича жаҳон чемпиони, россиялик Ян Непомняшийни, Муҳиддин Мадаминов қора доналарда озарбайжонлик Шахриёр Мамедяровни мағлуб этди.
5-турнинг қолган учта ўйинида томонлар муроса йўлини танлади. Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Аржун Эригаиси, Нодирбек Ёқуббоев грециялик Николас Теодору, ҳиндистонлик Видит Сантош америкалик Нейманн Ханс Моке билан дурангга эришди.

Бугун бошланадиган 6-тур ўйинлари остонасида Шамсиддин Воҳидов 3,5 очко билан турнир жадвалида якка пешқадамга айланиб олди. Аржун Эригаиси, Нодирбек Абдусатторов ва Муҳиддин Мадаминов ҳисобида 3 очко мавжуд. Нодирбек Ёқуббоев ва Нейманн Ханс Моке 2,5 очко билан бешинчи ҳамда олтинчи ўринларда ҳаракатланмоқда.

Халқаро турнирнинг “Challengers” гуруҳида 5 та тур ўйинларидан сўнг 4,5 очко жамғарган озарбайжонлик Муҳаммад Мурадли ҳамон етакчилик қилаётган бўлса, ҳамюртимиз Муҳаммадзоҳид Суяров кеча ўтган 4-тур баҳсида қора доналарда ҳиндистонлик Адития Миталга ютқазиб қўйиши натижасида 2,5 очко билан 6-ўринга тушиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат халқаро турнир мусобақалари 15 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА