“Uzbekistan Airports”: 2026 йил биринчи чорак якунлари сарҳисоб қилинди
Бугунги кунда Ўзбекистон авиация соҳаси изчил ривожланиб, мамлакатнинг ички ва ташқи транспорт алоқаларида муҳим ўринни эгаллаб бормоқда. Айниқса, йўловчи ташиш ҳажмининг ўсиши, янги йўналишларнинг очилиши ва аэропорт инфратузилмасининг модернизация қилиниши соҳа тараққиётининг асосий кўрсаткичларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу жиҳатдан “Uzbekistan Airports” компаниясининг 2026 йил биринчи чорак якунлари ҳам бу йўналишдаги ижобий ўзгаришларни яққол намоён этмоқда.
“Uzbekistan Airports” АЖ 2026 йилнинг биринчи чораги бўйича иш якунларини сарҳисоб қилди. Асосий кўрсаткичлар — йўловчи оқими, рейслар сони ва юк ташувлари бўйича барқарор ижобий динамика сақланиб қолмоқда.
2026 йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистон аэропортлари 30 минг 859 та авиарейсга хизмат кўрсатди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизга кўп. Йўналишлар кесимида 22 минг 885 та рейс халқаро, 7 минг 974 таси эса ички йўналишларга тўғри келди.
Йилнинг дастлабки уч ойида 3 миллион 987 минг 313 нафар йўловчига хизмат кўрсатилди, шундан 3 миллион 323 минг 759 нафар йўловчи халқаро йўналишларда, 663 минг 554 нафар йўловчи эса ички йўналишларда учган. 2025 йилнинг 1-чорагига нисбатан йўловчи оқими бўйича ўсиш 19 фоизни ташкил этди.
Тошкент анъанага кўра, мамлакатнинг энг йирик аэропорти бўлиб қолмоқда. Пойтахт аэропорти 2,56 миллион йўловчи ва қарийб 19 мингта рейсга хизмат кўрсатиб, умумий йўловчи оқимининг асосий улушини таъминлади.
Юк ташиш сегментида ҳам ижобий динамика сақланиб қолмоқда. Биринчи чоракда мамлакат аэропортлари орқали 19 минг 783 тонна юк ва почта ўтказилди, бу ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга кўп.
Жорий йилнинг биринчи чораги якунлари Ўзбекистон авиация тармоғининг барқарор ўсиши, халқаро йўналишлар тармоғи кенгайиши ва мамлакат ичидаги мобилликнинг босқичма-босқич ортиб бораётганини тасдиқлайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА