“UzAssets” АЖ ва “SAP” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлигида “Йирик давлат корхоналарида рақамлаштириш жараёнлари ва IT-тизимларни Ягона трансформация платформасига интеграция қилиш” мавзусида семинар ўтказилди.
Мамлакатимизнинг йирик давлат корхоналари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда “SAP”, “1C”, “IFS” ва “AVEVA” каби етакчи халқаро ва маҳаллий компанияларнинг экспертлари иштирок этган ушбу тадбирда рақамлаштириш ва ERP-тизимларни жорий этишга доир замонавий ечимларга бағишланган тақдимотлар намойиш этилди.
“UzAssets” АЖ бошқаруви раиси Бобур Абдиназаров ва бошқа масъуллар бугунги кунда давлат компанияларида рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, бошқарув самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий ахборот тизимларини жорий этиш долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, ушбу йўналишда кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “UzAssets” АЖ томонидан саноатни рақамлаштириш бўйича жаҳон етакчилари билан ҳамкорликда IT, сунъий интеллект, ERP тизимлари ва роботлаштириш соҳаларида миллий мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган малака марказини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
[gallery-29009]
Тадбир доирасида йирик давлат корхоналарида рақамли трансформация жараёнларини самарали йўлга қўйиш, замонавий IT-ечимларни жорий этиш ҳамда уларни Ягона трансформация платформаси билан интеграция қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатдаги йирик давлат корхоналарида ERP тизимларини татбиқ этиш бўйича амалий тажрибаларга алоҳида урғу берилди.
Семинар иштирокчилари ўзаро тажриба алмашиб, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда бошқарув самарадорлигини оширишнинг амалий ёндашувлари ва имкониятларини кўриб чиқди.
Навоий кон-металлургия комбинати ходими Баҳодир Давлатовнинг қайд этишича, бугунги кунда корхона фаолиятини такомиллаштириш ва самарали бошқаришга хизмат қилувчи замонавий рақамли тизим яратилмоқда.
–Ушбу тизим ишлаб чиқариш ҳамда бошқарув жараёнларининг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, сунъий интеллект технологияларини муҳим йўналишларга жорий этиш натижасида иш жараёнларининг давомийлиги сезиларли даражада қисқарди, ҳужжатларни тайёрлаш вақти эса анча камайди. Бу эса вақт ва ресурслардан самарали фойдаланиш имконини бермоқда. Шу билан бирга, харидлар ва бошқарув жараёнларида барча маълумотномалар марказлаштирилиб, тўлиқ рақамлаштирилди. Транспорт ва логистика соҳасида ҳам мазкур технологиялар кенг қўлланилмоқда. Хусусан, транспорт воситалари ҳаракатини бошқариш, энг мақбул йўналишларни белгилаш, тирбандликларни аниқлаш, ташиш хизматлари устидан назоратни кучайтириш каби вазифаларда бу амалий натижа беради. Энг асосийси, бу тизим барча бизнес-жараёнларни ягона платформага интеграция қилади, – деди Б.Давлатов.
Тадбир якунида “UzAssets” АЖ ва “SAP” компанияси ўртасида Ўзбекистон давлат компанияларида рақамли трансформация соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА