Қуюв-прокатлаш мажмуаси бунёд этилмоқда
Лойиҳа ишга туширилиб, ишлаб чиқариш қуввати тўлиқ ўзлаштирилганидан сўнг Давлат бюджетига тушум 2 ва ундан ортиқ баробарга ошиши кутилмокда.
Инвестиция дастури – амалда
Мамлакатимизда маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминловчи юқори технологияли ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва ташкил этишга қаратилган инвестиция сиёсатини янада фаоллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили», деб эълон қилинган 2019 йилда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш механизмларини тубдан такомиллаштириш ва соддалаштириш, инвестициялар, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштиришни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури тасдиқланди.

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон металлургия комбинатида “SFI Management Group” ишончли бошқарув компанияси раҳбарлигида йилига 1 миллион тонна листли прокат ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган “Қуюв-прокатлаш мажмуаси қурилиши” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жорий йил 15 август куни Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент металлургия заводини фойдаланишга топшириш ва республикада металл маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалаларига бағишланган сайёр йиғилишида ҳам айнан мазкур лойиҳанинг амалга ошириш жараёнлари таҳлил этилди.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун саноат объектларини қуришда катта халқаро тажрибага эга компаниялар гуруҳи, хусусан “Danieli” ва “Renaissance Heavy Industries” жалб этилди. Ушбу компанияларнинг концорциуми қуюв прокат мажмуасини қурмоқда.
Лойиҳа ишга туширилиб, ишлаб чиқариш қуввати тўлиқ ўзлаштирилганидан сўнг Давлат бюджетига тушум 2 ва ундан ортиқ баробарга ошиши кутилмокда. Ҳозирги кунда “Renaissance Heavy Industries” компанияси томонидан техник хизматлар учун мўлжалланган вақтинчалик шаҳарча ва идоралар қурилиши якунланмоқда.

Қурилиш майдончаси учун зарур хомашёлар оқимини таъминлаш мақсадида янги замонавий, жаҳон талабларига жавоб берадиган назорат ўтиш жойи қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Қурилишга жалб қилинган ишчилар ва мутахассисларнинг овқатланишини ташкил қилиш мақсадида 500 ўринга мўлжалланган янги ошхона қурилиши якунланмоқда. Шунингдек, 1 минг 200 ишчи-хизматчига мўлжалланган маъмурий ва маиший бинолар қурилмоқда.
Ҳозирги кунда “Renaissance Heavy Industries” томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудда эксплуатация қилинаётган коммуникацияларни кўчириш ишлари якунланмоқда. Янги мажмуа учун мўлжалланган қурилмаларни сақлаш учун омбор барпо этилмоқда.
“Renaissance Heavy Industries” томонидан ишлаб чиқилган техник ҳужжатларга мувофиқ, пойдевор учун қазиш ишлари бошлаб юборилган. Ҳозирги кунда 28 минг кубометр миқдорида қазиш ишлари олиб борилди.
Барча лойиҳа ишлари тасдиқланган жадвалга мувофиқ амалга оширилмоқда. Бекободлик металлурглар Инвестиция дастури бўйича листли прокат ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш билан республика иқтисоди ривожига муносиб улуш қўшади. Бу лойиҳа халқимиз фаровонлиги учун ҳам хизмат қилади.

Наримон УМЕРОВ,
"Ўзметкомбинат" АЖ Инвестициялар
департаменти бошлиғи.