Уйсиз оилалар ўз хонадонига эга бўлди
Президентимизнинг шу йил апрель ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғи асосида Жомбой тумани Қўлбости маҳалласидаги фойдаланилмаётган бино туман ҳокимлиги балансига олинди.
Бино ижтимоий ётоқхонага мослаштирилиб, реконструкция қилинди.
Туман ҳокими Қ.Собировнинг маълум қилишича, икки қаватли мазкур бинода 1 миллиард 100 миллион сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилди. Бу ерда 25 та оила учун муносиб турмуш шароити яратилди.
Янги йил байрами олдидан ушбу хонадонлар оғир турмуш шароитидаги аёллар ва оилаларга ҳеч қандай тўловсиз топширилди.
– Ўғлим билан ижарада яшаб келаётган эдим, – дейди Дилфуза Назарова. – Ўз уйингиз бўлмаганидан кейин ҳаётингиз кемтик, кўнгилингиз тўқ бўлмас экан. Ижара оворагарчиликларидан боламга қараб, эзилиб кетардим. Давлатимизга минг раҳмат, мана бугун ўз уйимизга эга бўлдик. Қалбимиз қувончга тўлди.
Туманнинг Узуновул қишлоғида ҳам саховатли кишиларнинг ҳомийлиги асосида қурилган ҳар бири икки сотихли 8 та уйлар турар-жойга муҳтож оилаларга беғараз ёрдам сифатида берилди. Шу куни тумандаги кам таъминланган оилаларнинг 50 нафар фарзандларининг суннат тўйи ўтказилиб, болаларга совғалар улашилди.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат), ЎзА