Уйдан бошланган қотиллик мактабда давом этди: Таиландда 8 киши ҳалок бўлди
Таиланд шимолида содир бўлган қонли ҳужум мамлакатни ларзага солди. Полиция маълумотига кўра, ўсмир аввал бобоси ва бувисини бобосига тегишли тўппонча билан отиб ташлаган. Кейин ўзи таҳсил олаётган мактабга бориб, яна олти кишининг ҳаётига зомин бўлган. Қурбонлар уч ўқитувчи ва уч ўқувчи. Ўсмирнинг ўзи ҳам воқеа жойида ҳалок бўлган, аммо бу воқеа тафсилоти юзасидан турли маълумот тарқалмоқда.
Бош вазир Анутин Чарнвиракул воқеани "мамлакат тарихида такрорланмаслиги керак бўлган фожиа" деб атади. Ички ишлар идоралари ўсмир қуролни қандай қўлга киритганини ўрганяпти. Дастлабки маълумотга кўра, у ҳужумда бобосининг шахсий тўппончасидан фойдаланган. Отилган ўқ доналари ва ҳодиса жойидан олинган суратлар маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.
Фожиадан кейин мактаб атрофида ҳаракат кескин чекланди, юзлаб ота-оналар фарзандларини олиб кетиш учун таълим муассасасига шошилди. Дарвоқе, Таиландда февраль ойида ҳам бир ўсмир мактабда отишма уюштириб, муассаса раҳбарини ўлдирган, икки ўқувчини яралаган эди.
Мутахассислар таъкидлашича, Таиланд Жануби-шарқий Осиёда аҳоли қўлида қурол энг кўп тарқалган давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда тахминан 10 миллион дона ўқ отар қурол муомалада бўлиб, ҳар етти нафар аҳолига биттадан аслаҳа тўғри келади. Илгари қурол назоратини кучайтириш бўйича бир неча ташаббус илгари сурилган эса-да, оммавий отишманинг олдини олишда кутилган натижа ҳамон йўқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА