Уйда таълим олувчи болалар ҳузурида
Фарзандини оқ ювиб, оқ тараб вояга етказиш халқимизнинг эзгу фазилатларидан.
Фарзандини оқ ювиб, оқ тараб вояга етказиш халқимизнинг эзгу фазилатларидан. Мамлакатимизда бу тамойил давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, ёш авлод камолотига муҳим эътибор қаратиб келинмоқда.
Болажон халқмиз. Фарзандларимиздан бор меҳр-муҳаббатимизни аямаймиз. Уларнинг ютуқларидан қувонамиз, ғурурланамиз. Уларнинг камолини кўрганда, дунёда биздан кўра бахтли кишини учратиш қийин.
Ҳар йили 1 июнь– халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни шоду хуррамликда, болажонлар қувончларига тўла ўтарди. Коронавирус туфайли жорий йилда байрам нишонламаётган бўлсада, болалар доимо меҳрни ҳис этиб яшамоқда.
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида хайрли ишга қўл урилди. Туман ҳокимлиги, прокуратураси, тиббиёт бирлашмаси ва халқ таълими бўлими ҳамкорлигида умумий ўрта таълим мактабларида 60 нафар уйда якка тартибда таълим олувчи болалар ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг фарзандларидан хабар олинди. Ўқувчиларга зарурдори-дармонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, турли ўқув-қуроллари, болаларга оид бадиий адабиётлар берилди.Тиббиёт ходимлари томонидан ўқувчилар бирламчи тиббий кўрикдан ҳам ўтказилди.Шу куни болажонларнинг яшаш хонадонлари туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари томонидан дезинфекция қилинди.
– Фарзандларимизнинг баркамол вояга етиши учун шароит яратиш, айниқса, меҳр-мурувватга муҳтож болалар давлатимизнинг доимий эътиборида, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири Н. Нишонова. – Уларнинг билим олишлари, ҳеч нарсага зориқмай улғайишлари учун барча шароит яратилган. Хайрли иш боис бугун уларнинг қувончи янада чексиз. Ота-оналари ҳам ўзларининг самимий дил изҳорларини билдиришди.