Уйчи туманида ташкил этилган капсула кутубхона ўз фаолиятини бошлади
Наманган вилоятининг Уйчи тумани марказида “Ёшлар зиё маскани” – капсула кутубхона очилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокимлиги, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, Давлат хавфсизлик хизмати мутасаддилари, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Янги замонавий кутубхона ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда билим олишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Ушбу зиё масканида китоб мутолаа қилиш, дарс тайёрлаш ва мустақил таълим олиш учун қулай муҳит яратилган.



Кутубхона фондида 1 минг 500 дан зиёд турли соҳага оид китоб ўрин олган бўлиб, келгусида фондни янада бойитиш режалаштирилган. Янги капсула кутубхона ёшларни илм-фанга, китобхонлик ва изланишга ундайдиган маънавий-маърифий маскан сифатида хизмат қилиши, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири