Уйчи тумани маҳаллалари обод бўлмоқда
Наманган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ш. Абдураззақов Уйчи туманида бўлиб, маҳаллаларга ажратилган маблағлардан фойдаланиш ҳолати ва олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Дастлаб 2-сектор ҳудудидаги “Қувурбоши” маҳалласи кўздан кечирилди. Маҳаллада 3100 киши истиқомат қилади. Ҳудудда жами 7 километр тоза ичимлик суви тармоғи тортилди. Бунинг 4,400 метри маҳаллий бюджет ҳисобидан, қолгани ҳашар йўли билан амалга оширилди. Натижада 250 та хонадон, 44-мактаб ва маҳалла аҳолиси тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминланди. Тўртта кўчада 6 километр йўлни шағаллаш ишлари якунланди. Аҳоли талаб-истагидан келиб чиқиб, бу ерда 310 миллион сўм эвазига 3 километр электр тармоғи янгиланмоқда, қўшимча трансформатор қўйилади.
Вилоят раҳбари бир йилда томорқадан 3-4 мартагача ҳосил олаётган Раҳмонберди Маҳкамов ва Обиддин Отамирзаев хонадонларида ҳам бўлди ва уларнинг тажрибалари билан танишди.
Кейинги манзил 4-сектор ҳудудидаги “Оқтош” маҳалласининг “Баракот” кўчасида тўртта ички кўча шағалланиб, асфальт қилинади. Ҳудудга 400 метр тоза ичимлик суви тармоғи тортилмоқда. 190 миллион сўм эвазига 1,5 километр электр тармоғи уланади, янги трансформатор ўрнатилади.
[gallery-926]
Бу ерда вилоят ҳокими маҳалла оқсоқоллар кенгаши аъзолари билан суҳбатлашди.
3-сектор ҳудудидаги “Умид” МФЙда ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Салкам 4,5 минг аҳоли яшайдиган мазкур маҳалланинг Жайҳун, Райҳон ва Ёғду кўчаларида 360 миллион сўм маблағ эвазига 3 километр электр тармоғи янги қурилади, 2 дона трансформатор ўрнатилади. Кўчаларни шағаллаш ишлари ҳам жадал кетмоқда.
“Зиёкор” маҳалласи эса 1-сектор ҳудудида жойлашган бўлиб, ҳудудга 1,5 километр электр тармоғини тортиш ва янги трансформатор ўрнатиш ишлари бошланган.
Вилоят ҳокими туманга ташрифи давомида 1-, 2-секторлар ҳудудидаги 9-, 44-мактабларда ҳам бўлди ва у ерда иссиқлик таъминоти, шароитларни кўздан кечирди. 9-мактаб фаоллар залини таъмирлаш ва кондиционер билан таъминлаш, 44-мактабга спорт зал қуриш, ёшлар учун етарли шарт-шароитлар яратиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (суратлари) ЎзА