Уй сотиб олиш орзуси хавфга айланмаслиги керак
Қурилишдаги муаммолар минглаб харидорлар маблағларини хавф остига қўймоқда. Фуқароларнинг молиявий ҳимояси қандай таъминланади?
Уй учун тўланган пуллар кафолатланадими? Харидорнинг пули кимнинг ҳимоясида? Айрим қурилиш компаниялари атрофида юзага келаётган можаролар айнан шу саволни яна кун тартибига олиб чиқди.
Қурилиш компаниялари томонидан уйларни топшириш муддатларининг бузилиши, харидорлар маблағларининг қайтарилмаслиги, айрим қурилиш ташкилотлари раҳбарларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиши жамоатчиликда жиддий хавотир уйғотмоқда. Энг ачинарлиси, бундай вазиятларда фуқаро нафақат уй-жойсиз қолиши, балки йиллар давомида тўплаган маблағидан ҳам айрилиши мумкин. Уй-жой бозоридаги бундай муаммоларга муносабат билдирган Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси харидорларнинг маблағлари ишончли ҳимоя қилиниши шартлигини таъкидлади.
Муаммонинг илдизи қурилиш компанияси билан харидор ўртасидаги муносабатларнинг қанчалик ишончли механизмлар асосида ташкил этилганига бориб тақалади. Амалда фуқаро ҳали қуриб битказилмаган хонадон учун маблағ тўлайди. Қурилиш компанияси эса ушбу маблағлар ҳисобидан лойиҳани амалга оширади. Агар қурилиш тўхтаб қолса, компания молиявий қийинчиликка дуч келса ёки ўз мажбуриятларини бажара олмаса, энг катта таваккалчилик харидор зиммасига тушади. Шу боис, уй-жой бозорида харидор манфаатларини ҳимоя қилишнинг янги молиявий механизмларига эҳтиёж ортиб бормоқда. Бу борада муҳим ечим сифатида Эскроу ҳисобварақлари тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Хўш, Эскроу тизими қандай ишлайди?
Соҳа вакилларига кўра, Эскроу — харидор ва қурилиш компанияси ўртасидаги молиявий кафолат вазифасини бажарадиган махсус банк ҳисобварағи тизими. Бунда фуқаро хонадон учун тўлаган маблағини тўғридан-тўғри қурилиш компаниясига бермайди, балки махсус банк ҳисобварағига жойлаштиради. Пул белгиланган шартлар бажарилмагунча ушбу ҳисобварақда сақланади. Қурилиш компанияси эса маблағни фақат қонунчиликда белгиланган талаблар бажарилганидан кейин олиши мумкин бўлади. Бунинг натижасида қурилиш ташкилотининг харидор маблағларидан мақсадсиз фойдаланиши, бошқа лойиҳаларга йўналтириши ёки молиявий муаммолар сабабли фуқаролар манфаатларига зарар етказиши хавфи камаяди. Механизмнинг яна бир муҳим жиҳати — қурилиш жараёни узлуксизлигини таъминлаш имконияти. Агар лойиҳани амалга ошираётган компания ўз мажбуриятларини бажара олмаса, бошқа қурилиш ташкилотини жалб этиш орқали объект қурилишини якунлаш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Уй-жой бозоридаги ҳар қандай муаммо фақат битта компания ёки муайян лойиҳа доирасида қолиб кетмайди. Бир нечта қурилиш ташкилоти фаолияти билан боғлиқ салбий ҳолатлар бутун соҳага нисбатан ишончнинг пасайишига олиб келиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида янги уй-жой харид қилишни режалаштираётган фуқароларни ҳам, ҳалол ишлаётган тадбиркорларни ҳам қийин аҳволга солади. Шу нуқтаи назардан, Эскроу тизимини жорий этиш нафақат харидорларнинг пулларини ҳимоя қилиш, балки қурилиш бозорида шаффофлик ва масъулиятни кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳам харидорлар маблағларининг ишончли ҳимоя қилиниши, қурилиш компаниялари томонидан шартномавий мажбуриятларнинг сўзсиз бажарилиши ҳамда бозорда ҳалол рақобат учун тенг шароитлар яратилишини соҳанинг муҳим шартлари сифатида баҳоламоқда. Зеро, уй-жой бозорида ишончни фақат янги бинолар, замонавий мажмуалар ва чиройли реклама билан шакллантириб бўлмайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА