Уйғонмоқ дунё билан баробар яшамоқдир...
Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида барпо этилган Адиблар хиёбони чин маънода маърифат, илм-зиё, миллий-маънавий юксалиш маскани, буюк тарбия ўчоғидир.
Маънавият
Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида барпо этилган Адиблар хиёбони чин маънода маърифат, илм-зиё, миллий-маънавий юксалиш маскани, буюк тарбия ўчоғидир.
Ҳазрат Навоийдан то замондошимиз бўлган Муҳаммад Юсуфгача бўлган шоиру адибларимизнинг муаззам сиймолари талқинида эртанги кунга ишонч, фарзандларимизнинг порлоқ келажаги, шу озод юртда умргузаронлик қилаётган кишиларнинг қатъияти, танлаган йўлимиздан оғишмай ҳаракат қилиши, ўзаро ҳамжиҳат ва ҳамфикрлиги, авлоду аждодларига чексиз ҳурмат ва эҳтиромни кўрасан, киши. Сўлим, баҳаво, бемалол ташриф буюриш мумкин бўлган бу масканга келган Президентимиз улуғ зиёлиларимиз ҳаёти ва ижод йўлини чуқурроқ тадқиқ этиш, ўқувчи ҳамда талабаларга улар босиб ўтган умр ҳақиқатларини кўпроқ етказиш ниятида ҳар бир олий таълим муассасасига шоиру адибларимиз ижодиётини батафсил таҳлил, тарғиб ва тавсиф этиш заруратини алоҳида уқтирдилар.
Муддао – шу заминимизда яшаб, ижод этган маърифатпарварларимиз ҳаёт ва ижод тарзини намуна сифатида талаба-ёшларга етказиш, уларда юртга, элга, миллатга бўлган садоқат ҳамда ватанпарварлик, ўз тарихи, маънавий мероси, асори-атиқаларига ҳурмат ва дахлдорлик ҳиссини теранроқ шакллантиришдир.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида янги давр ўзбек маданиятининг асосчиси, Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, мустақил жумҳурият қуриш ғоясининг яловбардори, янги мактаб ва янгича ўқитишнинг афзаллигини амалда исботлаган зиёли, журналист, драматург ва ношир Маҳмудхўжа Беҳбудий илмий меросини тадқиқ этиш, талаба-ёшлар, профессор-ўқитувчиларга етказиш жараёни қизғин бошланди.
Туркистонда XIX асрнинг охирларида майдонга келиб XX аср бошларида шаклланган миллатнинг яшаши, тараққий этиши, озод, мустақил бўлиши, ҳақ-ҳуқуқини таниши учун мактаб-маорифни ислоҳ қилиш, янгича фикр ва ғояга эга бўлган авлодни тарбиялаш шарт, деган эзгу мақсадни илгари сурган, айтиш жоизки, шу ниятлари йўлида қатағонга учраган жадидчилар, шубҳасиз, миллатимиз тарихида янги саҳифани бошлаб берган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йилнинг 19 январида Самарқанд шаҳри яқинидаги Бахшитепа қишлоғида ўқимишли мулла оиласида туғилган. Беҳбудийнинг тарбияси билан унинг тоғаси, қози Муҳаммад Сиддиқ машғул бўлади. Араб тили грамматикасини кичик тоғаси Мулла Одилдан ўрганади. Мустақил тарзда кўпгина адабиётларни мутолаа қилади. У 18 ёшида қозихонада мирзолик қилган. Шариат қонунларини қунт билан ўргангани сабаб қози, кейинчалик муфтий даражасигача кўтарилади. Аммо туркий халқларни илм-маърифатли, ахлоқли, одобли, дунё тамаддунида муносиб ўринга эга бўлган миллат сифатида кўрсатиш, шу юрт фарзандларини дунё илми, тили ва адабиёти, маданияти ва гўзаллиги билан яқиндан таништириш мақсади унга тинчлик бермасди. У мақолаларидан бирида шундай ёзади: “Замона илм-фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга паймол бўлур”.

Маърифатнинг икки қаноти бор
Беҳбудий “Ойна” журналининг 31-сонида миллат учун қабохатни ҳам, малоҳатни ҳам кўрсата оладиган ойна керак, деб таъкидлаган эди. Бу ойна – театр. Жаҳолат ва нодонлик, турғунлик ва тутқунлик, илмсизлик, ғафлат ва лоқайдлик иллатларига қарши қаратилган “Падаркуш” фожиаси ўзбек драматургиясининг илк намунасидир.
Абдулла Авлоний 1914 йилда ўзининг “Турон” группаси билан Колизей (ҳозирги биржа савдоси биноси)да “Падаркуш”ни саҳналаштириб, бош ролни ўзи ижро этганди. 1916 йилда Тошкентга келиб мазкур асарни томоша қилган рус олими А.Самойлович бир мақоласида қуйидаги ҳақиқатни қайд этади: “Туркистонда янги адабиёт майдонга келди. Бу адабиётнинг маркази – Самарқанд. Ёш қаламкашларнинг бош илҳомчиси самарқандлик муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийдир”.

Беҳбудий 1913 йилда матбуот ишлари билан шуғулланиб, туркий ва форсий тилда ҳафтада 2 марта, 4 саҳифада “Самарқанд” газетасини, август ойидан эса ҳар ўн беш кунда чоп этиладиган “Ойна” журналини ташкил этади. Журнал Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркияга тарқалган эди. “Нашриёти Беҳбудия” хусусий нашриётида ўша даврнинг илғор маърифатпарварларининг асарлари чоп этилган.
Беҳбудийнинг миллат ва Ватан, миллий уйғониш ва тарихни англаш, илм олиш ва фарзандларга яхши тарбия бериш ҳақидаги қарашлари жамланган 20 дан ортиқ мақоласи “Ойна”, “Тараққий”, “Хуршид”, “Тужжор”, “Ҳуррият”, “Турон”, “Садои Туркистон”, “Таржимон” каби нашрларда чоп этилган.
Миллат озод бўлиб ўзининг мустақил давлатини ўрнатмагунча ижтимоий адолатни тиклаб бўлмайди. Бу улуғ маърифатпарварнинг мавжуд тузум борасидаги хулосаси муроса йўли билан маърифат, илм орқали ҳақ-ҳуқуқни талаб қилиб олиш ва миллий хусусиятларни тиклаш ғояси билан мустаҳкам йўғрилган эди.
У ҳамиша халқ билан бирга бўлиб миллатни ўзаро низолардан воз кечишга, буюк мақсад йўлида бирлашишга, иттифоқ бўлишга чақиради. Айни шу ғоя унинг 1919 йил 25 мартда Шаҳрисабзда қўлга олиниб, Қаршида қатл этилишига сабаб бўлади.
Жисмоний ва маънавий тарбия уйғунлиги
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, талаба-ёшларга унинг асарлари моҳиятини тарғиб-ташвиқ этишда энг муҳим жиҳатга эътибор қаратилди, яъни Беҳбудий ижтимоий-маънавий ҳаётдаги янгиланишлар, халқни миллий бирлик, мустақиллик, маърифат ва адолат байроғи асосида бирлаштириш тараққийпарвар ёшларга бевосита боғлиқ деб ҳисоблайди. Шунга мувофиқ буюк маърифатпарвар ижодиётини ўрганиш махсус дастур асосида уч босқичда ташкил этилди. Аввало, Беҳбудий ижодиётини тадқиқ қилган олимлар кўмагида мутахассислар, университет профессор-ўқитувчилари, иқтидорли ёшлардан иборат тарғибот гуруҳи шакллантирилиб, адиб асарлари бўйича ўқув-услубий тарқатма материаллар (буклет, слайд, видео ролик, баннер, услубий тавсиялар) тайёрлана бошланди.
Тарғиботнинг иккинчи босқичида республикамиздаги мавжуд 15 та олимпия захиралари мактаб-интернати, миллий терма жамоалари ва университет ҳудудидаги маҳаллаларда “Беҳбудий – ватанпарварлик ва миллатни севиш тимсоли” рукнида дарслар, адабий-бадиий кечалар, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри билан ҳамкорликда университетнинг “Мезон” талабалар театр-студиясида Беҳбудий асарларини саҳналаштириш, Президентимизнинг беш ташаббуси доирасида “Китобхонлик саодати” танлови, “Ёш маърифатпарварлар”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий” адабий-бадиий тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Беҳбудий ижодининг илмий аҳамиятини тарғиб этишга қаратилган учинчи босқичда мутафаккир туғилган Самарқанд ва қатл этилган Қаршидаги олий таълим муассасалари – Самарқанд давлат университети ҳамда Қарши давлат университети билан ҳамкорликда “Маҳмудхўжа Беҳбудий миллий ва маънавий уйғониш асосчиси” мавзуда миллий-амалий анжуман ташкил этилади. Ўзбекистон – Беларусь қўшма дастурига мувофиқ ўзаро талабалар алмашинуви лойиҳаси доирасида Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Якуб Колас ҳаёти ва ижодига бағишланган онлайн конференция ҳамда “Энг яхши тақдимот” номинацияси ғолибларининг “Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Якуб Колас юртига саёҳати” ташкил этилади. Шу билан бирга, Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодини тадқиқ қилган ўзбек олимлари – Наим Каримов, Ҳалим Саййид, Нормурод Авазов, Зайнобиддин Абдурашидов иштирокида мамлакатимизда ташкил этилган ижод мактаблари, спорт таълими муассасалари ўқувчилари билан ижодий мулоқотлар ўтказилади.
Хўш, улуғ устоз маърифатидан, унинг ҳаёт мактабидан спортчи-ёшларимиз, талабаларимиз қандай сабоқ олиши керак?
Аввало, Беҳбудийнинг таълим олиш, тил ўрганиш ва маърифат орқали дунёга чиқиш ғояси ниҳоятда қадрли. У асарларида иқтидорли ёшларни танлаб, хорижда ўқитиш таклифини ҳам билдиради. Шукроналик ҳисси билан шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда ёшларимиз жадид боболаримиз орзу қилган замонда яшаяпти, дунёни кўраяпти. Спортчи-талабалар ҳам бугун Ватанимиз байроғини юксакларга кўтармоқда. Биз Беҳбудий ижодий мероси, унинг асарлари мағзидаги ғояларни, адиб шахсидаги шижоат, матонат, ўзига бўлган ишонч ва қатъиятни, якдиллик ва аҳилликни ҳар бир спортчи қалбига сингдирсак, уларнинг кучига янада қувват қўшган бўламиз.
М.БОЛТАБОЕВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва
спорт университети ректори, профессор.