Устюртдаги тош ботирлар ҳақида нималарни биласиз?
Москвадаги давлат тарих музейида XII асрга тегишли бир нечта балбал тошлар кўргазмага қўйилган.
Москвадаги давлат тарих музейида XII асрга тегишли бир нечта балбал тошлар кўргазмага қўйилган. Ушбу эсдалик тошлар ўтган асрларда Дон дарёси бўйидан топилган бўлиб, улар асосан қипчоқ аскарларига атаб қурилган.
Умуман туркий дунёда балбал тошлар вафот этган нуфузли шахсларнинг ҳурматига бағишланган. Бу каби тош ҳайкаллар Монголия саҳроларидан тортиб, Европа ҳудудларигача бўлган ҳудудларда учраган.
Балбал – қадимий туркий сўз бўлиб, “бал-бал”, яъни, “зарба бермоқ”, “қоқмоқ”, “урмоқ” каби маъноларни англатади. Туркийшунос олимлар фикрига кўра, балбал – “тошни тик қилиб ўрнатган белгилар” деган маънони билдиради. Туркий қавмларнинг тарих саҳнасига чиққанидан кейин қадимги туркий урф-одат, анъаналарга кўра, балбалларнинг аксарияти ҳоқон, тегин, торхон, чор, тудун, бий, бек каби эл бошчиларининг, ботирларнинг, оқсуяк одамларнинг ҳурматига махсус ишланган.

Шу балбаллар орқали мотам тутилган, марҳумнинг руҳи ҳурматига ош берилган ёки руҳига бағишлаб “йўқлаш” каби удумлар бажарилган. Марҳумнинг руҳини шод қилишга, яъни ош бериш маросимига қатнашганлар ўзлари яшаётган маконидан балбал тошларни олиб келган ва анъанага мувофиқ, марҳумнинг дафн этилган жойида оралиқ масофасини бирдек қилиб қаторлаштириб қадаб ўрнатган. Ушбу эсдалик мажмуасини яратишга иштирок этганлар ўзларининг қавми, уруғ-тоифаси тамғаларини ёки қадимги туркий битик ёзуви билан исмларини, лавозим, унвонларини ёзган. Бу қадимги туркий қавмларнинг ўзига хос йўқлаш маросимидан дарак беради.
Балбал тошларнинг энг қадимий намуналари эса Устюртдан топилган. Айни пайтда ЎзФА Қорақалпоғистон бўлими қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг археология музейида шундай ҳайкаллар сақланмоқда.

1983 йилда Устюртнинг ғарб томонида тадқиқот ишларини олиб борган собиқ СССР Геология вазирлигининг биринчи космоаэрогеологик экспедициясининг иштирокчилари Қозоғистон Республикаси Манғишлоқ тумани ҳудудидаги Сай-Утес поселкасидан қарийб 50 километр масофада кўп сонли эркак-ҳарбийларнинг ҳайкалларини топади. Ушбу топилмалар экспедиция аъзоларини ҳайратга солади, чунки кичик майдонда 70 га яқин шундай тош ҳайкаллар жойлашган эди. Собиқ СССР Фанлар академияси Археология институтининг Волга-Урал археологик экспедицияси раҳбари Л.Галкин ушбу ҳайкалларни милоддан аввалги IV-III асрларга, яъни массагетлар даврига оид эканлигини исботлади. Бу балбал тошларнинг энг қадимий намуналари эди.
Экспедиция аъзолари аввалида ибодатхоналар топдик деб ўйлаган, лекин бу фикрлар фақат Байте-III деб номланувчи қалъада иккита қурбонлик келтирувчи тошдан ишланган стол топилгандан кейингина тасдиқланди.
У ҳақида Л.Галкин шундай ёзади:
“Улар бири-биридан 15 метр масофада жойлашган эди. Деярли тўғри бурчакли катта столнинг узунлиги 1 метрдан узунроқ, тўрт конус шаклидаги туёқдаги кичик стол эса бир метрдан кичикроқ эди. Шу жойдан яна тошдан ишланган товоқ ҳам топилди (унинг диаметри 80 сантиметр). Одатда бундай нарсалар фақат ибодатхонадан топилади. Тошдан ишланган столларда ҳайвонларни қурбонликка чалади”.
Мазкур ҳудуддан топилган бошқа эсдаликларда қиличларнинг, камонларнинг, пичоқларнинг расмлари аниқ кўринар эди.
Устюртда топилган деярли барча антропоморфлик тошдан ишланган ҳайкаллар чап қўли йиғилиб ичига босилиб турган, ўнг қўли эса пастга туширилиб сонига босилиб турган эркак кишининг сиймосини гавдалантиради. Ҳайкаллар кўпроқ монголоидларга ўхшайди.
Устюртдаги ушбу тош ҳайкаллар аслида массагетлар ботирларидир.

Олимларнинг фикрига кўра, бу бир-бирига ўхшаш тош ҳайкаллар кенг омма томонидан ҳурматга эга вафот этган қавмдоши эсдалигига қурилган. Қадимий кўчманчи қавмлар анъанага кўра ота-боболарининг руҳига сиғинган. Уларга вафотидан кейин ҳайкал ўрнатса руҳи шунга жойлашади деб ишонган. Ҳайкаллар худога тенглаштирилган. Бу каби эътиқодлар массагетларнинг юнон-македониялилар билан кураши даврида руҳий мадад берган.
Шунинг учун худога тенглаштирилган бу ҳайкал тошлар қошида уларга бағишлаб қурбонлик келтирилган. Тош столлар шу вазифани бажарган.
Милоддан аввалги IV-III асрларда ҳукмронлик қилган Аҳаманийлар давлати таркибига Яқин Шарқ ва Ўрта Осиёнинг кўплаб давлатлари кирган (Парфия, Марғиёна, Бақтрия, Сўғдиёна ва ҳ.). Бир қарашда бу ҳудудларга кўп сонли аскарларнинг, хусусан форс отлиқ аскарларининг киришига ҳеч ким қаршилик кўрсата олмасдек эди. Лекин, Устюрт текислигида илоҳий масканлари топилган массагетлар бу ишни уддалаган. Тарихдан маълумки, Аҳамонийлар давлатининг асосчиси Кир подшоҳ массагетларнинг ерларига киришга интилган вақтда ўлган.
Бутун дунёни босиб олмоқчи бўлган Искандар Зулқарнайн ҳам массагет қавмининг жанговар аскарларининг қаттиқ қаршилигига дуч келади.
Массагет ва сармат қавмларининг бир қисми юнон-македонияликларга бўйсинмай шимолга қараб кетгани маълум. Улар асосан Устюрт текислигини душманларнинг пиёда аскарлари ва отлиқ отрядлари яқинлаша олмайдиган ўзларининг ҳарбий майдони ҳамда фронт орқасига айлантирган бўлиши мумкин.